Одам аслида қанчалик узоқ умр кўра олади? Наҳотки, кўпи билан атиги 100
йил бўлса? Ундан ҳам кўп ҳаёт кечиришни хоҳлайдиганлар топиладими? Агар
диний маърузалардан йироқроқ бўлсак, буни ким ҳам хоҳламайди, дейсиз?!
Қанчалик узоқ умр кўрсак, шунчалик камдек туюлаверади. Лекин Абу Али
ибн Сино гапларига жиддийроқ қарайдиган бўлсак, инсон танаси ҳозирги
70-80 йилдан анча кўпга мўлжалланган экан. Минг йил умр кўриш учун ибн
Сино гапларига қараганда, атиги қум, чанг ва касаллик бўлмаса, бас. Қум
ва чангни йўқотиш одамзот қўлидан келмайди. Аммо касалликни-чи?
Италиялик олимларнинг таъкидлашича, тез орада одамнинг ўртача умри 150
йилни ташкил қилар экан. Бунчалик узоқ умр учун махсус чип «айбдор»
эмиш. У тери остига ўрнатилади ҳамда қон томири ва бошқа таҳлиллар
ёрдамида инсон соғлиғининг аҳволини текшириб туради. Меъёрдан бироз
ўзгариш рўй бериши билан дарҳол шифокорга хабар қилади. Муҳими, врачлар
ўз ишларига масъулият билан муносабатда бўлсалар, тамом-вассалом. Фақат
қайси маъно тамомлигини англасак бўлгани...
Дарҳақиқат, тиббиётчилар бошқа бир фикрни ҳам ишонч билан айтишди: яқин
келажакда сунъий аъзолар туфайли одамни худди ўйинчоқ конструктор
сингари йиғиш имкони туғилар эмиш. Мана бунга ишониш жуда қийин. Мия,
юрак ва, айниқса, аёлнинг фарзандли бўлиш қобилиятини кўз олдимизга
келтирсак, тиббиётчилар нақадар ҳақиқатдан йироқ эканлигини яхши
тушунамиз.!