Голливуднинг «Солт» фильми бутун дунё экранлари бўйлаб одимлаб
бормоқда. Унда бош ролни ижро этган «танишимиз» Анжелина Жоли фильминиг
промоушни билан банд бўлиб, фильми кетидан дунёнинг кўплаб
мамлакатларига борди. Шу кунларда у фильмини тақдим этиш учун Москвага
келди. Лекин бу ерда қандай саргузаштларни бошидан кечиришини билганида
бу ерга келишдан аввал етмиш марта ўлчаб кўрармиди...
Шартни бажариш лозим
Голливуд
юлдузи Москванинг энг шинам ва ҳашаматли меҳмонхоналаридан бири –
«Ritz-Carlton» отелида тўхтади. У сафарга фарзандлари билан бирга
келгани учун ҳам кўплаб шартлар қўйди. Улардан бири – расмий суратга
олиш жараёнидан бошқа пайтда ҳеч ким уни фото ёки видеога олмаслиги
жоиз. Лекин меҳмонхона ходимлари бу шартдан умуман бехабар бўлишганми
ёки буни ҳазил деб тушуниб, доимо камера объективи остида бўлган Жоли
бунга эътибор бермайди, деб ўйлашганми, эҳтимол, ўз мажбуриятларига
бармоқ остидан қарашгандир, нима бўлганда ҳам, улардан бири таниқли
актрисани мобил телефонига суратга туширишга ҳаракат қилиб кўрди.
Натижада хавфсизлик хизмати ходимлари ишини сидқидилдан бажаришини ўзида
ҳис этди бечора, бундан ташқари отель раҳбарияти масъулиятсиз ходимни
ишдан бўшатиб юборди.
Мухлис кумирига ҳужум қилди
Москвадаги
«Октябрь» кинотеатрида жосуслар ҳақидаги «Солт» жангари фильми
премьерасига бош образни яратган актриса ҳам ташриф буюрди. Ҳаммаси яхши
бўлиши мумкин эди, лекин бир пайт кинотеатр фойесида маст аҳволдаги
мухлиса Энжига ҳамла қилиб қолса бўладими?! Афтидан маст аёл Жолини шу
қадар ёқтирадики, ташқи қиёфасини ҳам унга ўхшатмоқчи бўлган: ўхшаш соч
турмаги, татуировкалар, макияжи ҳам узоққа кетмаган. Фақат хулқи ҳақида
бундай дейишга тил бормайди. - Анжелина, менга қиё боқ! – мухлисанинг ялинишини фойедаги бошқалар ҳам эшитишди. - Сен ҳаммадан гўзалсан! Актрисанинг
қўлиниши қаттиқ қисиб олган нотаниш аёлни ҳатто малакали тансоқчилар
ҳам тортиб олишолмади. Бу вақт юлдузнинг кўзларига даҳшатли қўрқинчни
илғаш қийин эмасди. Бахтга бу воқеа тезда ҳал бўлди ва хавфсизлик
ходимлари мухлисани Анжелинадан анча нарига чиқариб юборишга муваффақ
бўлишди. Бўш вақт бўлиши билан тансоқчилар Жолидан яхшигина дакки
ейишлари шубҳасиз. Гап шундаки, Энжи мухлисларнинг кутилмаган
қилиқларига ўрганиб қолган бўлса-да, териси жуда нозик бўлгани сабабли
қаттиқроқ тегиб кетилганида ҳам танасида шиш ва мўматалоқлар қолади.
Москвалик мухлиса эса бор кучи билан унга чирмашиб олганди. Энди
сайёранинг энг гўзал аёлларидан бири деб топилган Анжелина Жоли уйига
борганида Брэд Питтга бутун воқеани тафсилотлар билан айтиб беришига
тўғри келади.
7 ёшли ўғлини йўқотаёзган актриса
Олти
болакайнинг онаси Жоли ўз фарзандларига қандай муносабатда эканини
кўпчилик билади. Бир сафар бу масалада ҳатто Брэд билан ҳам яхшигина
жиққамуш бўлишга улгурган ва буни, табиийки, барча нашрлар анча вақтгача
муҳокама қилган эди. Москвада эса ҳали меҳмонхонадан чиқишга улгурмаган
Энжи боқиб олган вьетнамлик фарзанди Пакс Тьенни тополмай қолди. Бир
ярим соат давомида бутун отель оёққа турди, болакайни изламаган одам
қолмади ҳисоб. Актриса ҳам ўзини қаёққа қўйишни билмасди. Пакс эса бу
вақтда соқчилари билан бирга Манежная майдонига чиқиб, кўп сонли
сувенирларни томоша қилиш билан овора экан. У матрёшка, шкатулка ва бош
нарсаларни харид қилишга киришди. Фақат бу ҳақда онасини огоҳлантириш
эсидан чиқиб қолибди, холос. Қисман унинг бундай «сафарига» акаси
Мэддокс ҳам айбдор. У кўзларини катта-катта очиб, меҳмонхона ёнидаги
майдонда қизиқарли буюмлар роса кўплигини айтиб мақтанмаганида Пакс ҳам
онасининг ёнидан кетмасди. Ахир 7 ёшли ўғлон ўзини катталардек
сезади-да, шунинг учун шундой кўчага чиқиб келиш учун ҳам онасидан
рухсат сўрайдими? Онасининг қанчалик хавотир олганини эса ҳаёлига ҳам
келтирмайди.
Мухлислар қатновни тўхтатиб қўйишди
Осмон
узилиб ерга тушганда ҳам, Жоли биринчи навбатда актрисалигича
қолаверади ва ишқибозлар уни айнан шу аснода яхши кўришади. «Солт»
фильмининг премьерасидан аввал Анжелина Жоли кинотеатр олдидаги қизил
йўлакли гиламда сураткашларга намоён бўлди. Униг ажойиб кўйлаги ҳеч
кимни бефарқ қолдирмади. Суратга тушиб бўлгач, фанатлари билан
суҳбатлашишни хоҳлади. Шу куни кинотеатр олдида шу қадар кўп одам
йиғилдики, қатнов йўлидан машинада ҳаракатланиш етти ухлаганда ҳам ҳеч
кимнинг тушига кирмасди. Ростини айтганда, улар бундан кўп ҳам
қайғурмаган бўлишса керак. Актриса барчанинг саволларига бажонидил жавоб
қайтарар, мухлисларини жуда яхши кўришини тинмай такрорларди. Кинозалда
эса ҳатто рус тилида икки гап айтишга ҳам муваффақ бўлди.
|