Ўтган йил охирида машҳур «Титаник» муаллифи ва режиссёри Жеймс Кэмерон
ўзининг янги «Аватар» фильми билан дунёни ларзага солди. Ўта қисқа вақт
давомида унинг энг кўп даромад келтирган аввалги картинаси шоҳсупани
янги «фарзандига» топширишга мажбур бўлди, деб хабар берилади сайтда.
Жеймс Кэмероннинг ўзи бир неча сафдошлари билан биргаликда ихтиро
қилган янги 3D камерасига олинган ўзга сайёрани босиб олишга
бағишланган ушбу фильм ярим йилга етмай нақд 2,5 миллиарддан ортиқ
маблағни чўнтагига солиб қўйди. Аммо фильм ижодкорлари учун бу етарли
бўлмаган кўринади.
Айтганча, янги технологияга
асосланган камеранинг бундай имкониятларини кўрган бошқа киноижодкорлар
ҳам мўмайгина даромад топиш илинжида ўз фильмларини янги форматга
алмаштиришга киришиб кетишди. Шулар орасида Тим Бёртоннинг «Алиса
мўъжизалар мамлакатида» фильми ҳам. «Аватар» фильмини кинотеатрларга
узатган 20th Century Fox киностудияси айнан ушбу фильмни баҳона қилиб,
Кэмероннинг фантастик фильмини такрор кинотеатрларга чиқариш фикрини
билдирди. Студия раҳбарларининг гапига қараганда, Бёртоннинг фильми
анча-мунча улушни ўзлаштириб олган ва натижада «Аватарга» камроқ пул
теккан эмиш. Тўғри, фильмнинг аввалги нусхасига бир неча саҳналар
қўшилади, дейилмоқда ҳам. Хабарларга қараганда, ўзи шундоқ ҳам жуда
узоқ давом этган фильмга тахминан 8 дақиқа қўшилади. Фильмда бош ролни
ижро қилган Сэм Уортингтоннинг фикрига қараганда эса, ният бўлса,
қўшиладиган саҳналар анча-мунча экан. «Аватар» олдингидек оддий 3D ва
IMAX 3D кинотеатрларида намойиш этилади.