Нью-Йоркдаги New York Post номли нашр мухбири сайтимизда чоп этилган "Гулнора эмас, ташкилотчилар йўқотади!” мақоласига тўхталиб, ташкилотчиларнинг йўқотиши ҳақидаги мулоҳазаларимизга аҳмоқгарчилик деган изоҳ билан ёндашибди. Тўғри, ҳар кимнинг ўз фикри бор. Ҳафталаб, бир шахснинг ортидан овчидек қувиб, бирон айби топилар қабилида иш тутиб, тинмай негатив фикрлар ёғдиририлган мақолалар чоп этишни қандай тушуниш ва таърифлаш мумкин? Устига-устак, йўқотишни сиз моддият билан тенглаб, ташкилотчиларнинг 30 000 доллардан воз кечиши ҳақида ўйлабсиз. Биз эса аслида томошобинлар қизиқиши ва ишончи, ушбу ҳафталик доирасидаги "Guli”сиз подиумни назарда тутган эдик. Қизиқ, шу пайтгача, "инсон ҳуқуқлари”, "болалар меҳнати” ва шу каби "айбловлар” ортидан яна кимлар тайзиқ остига олинганлигини эслай олармикан, журналист? Мода ва сиёсатни аралаштириш ортида нималар ётибди? Қани эркинлик ва озод ижодкорлик? Айнан Нью-Йоркдай шаҳарда инсон қадри ва унинг шаънига путур етказишга уринишларни тушуниш мураккаб бўлиб қоларкан! Шундай бир доно нақл бор: "Ҳаётда қанча керак бўлсанг, шунча душманинг кўп бўлади”. Бугун кимнинг ғашига тегади ё йўқ, "Guli”нинг мода оламида ўз ўрни бор. Буни хоҳ мақташга йўйинг, хоҳ йўқ, айни ҳақиқат ҳам шу.
Тарихга назар ташламанг, оқ ва қора, кун ва тун, адолат ва ноҳаклиқ ҳамиша ёнма-ён келган. Бироқ, зулмат устидан яхшилик, ёмонлик устидан эзгулик барибир ғалаба қозонган! Демакки, ҳар ким адашган ёхуд калта ўйлаб қилган ҳаракатларини қай даражада хато ва тўғрилигига кези келиб албатта тушуниб етади. Барибир тушуниб етади!
Жаноб Коверт! Масалага ҳар томонлама ёндашинг! Агар бу ҳақда реал фактлар ва ҳаққонийликка зарурат сезсангиз, сизни юртимизга таклиф этамиз! Ҳаётимизда ҳар жабҳада кундан-кун илгарилаётган ўзгаришларни, ҳар бир ватанпарвар фуқаро мамлакатимиз ривожига қўлидан келганича ўз ҳиссасини қўшаётгани, шу қаторда сиз қоралаётган аёлнинг ўз элига ва Ватанига қилаётган эзгу амалларига шахсан гувоҳ бўлардингиз... Ана шунда балки, океан ортидан ноҳақ тош отиб, ёзаётган кўплаб мақолаларингиз нақадар ўринли ё ўринсиз эканлигига амин бўласиз!