Баъзида
оддий иш – фарзандингизни ухлашга ётқизиш – ҳақиқий суперагент учун
мўлжалланган топшириққа айланади. Бола уйқусининг бузилиш сабаблари
турлича бўлиши мумкин: жисмоний ноқулайлик (масалан, қорни оғрияпти ёки
тишлари чиқяпти), ривожланишдаги муҳим даврлар (масалан, бола юришни ёки
гапиришни бошлаётганида). Болалар уйқусизлигининг бошқа жиддий
сабаблари ҳам бўлиши мумкин, масалан, бош мия ичидаги босим. Агар
фарзандингизда уйқу бузилиши ҳолатларини кузатсангиз, уни педиатрга ва
неврологга кўрсатишни қатъиян тавсия этамиз. Агар ташвиш учун жиддий
сабаблар бўлмаса, унда синалган усулларнинг биридан фойдаланинг. Шунда
болангизнинг хотиржам уйқуси сизнинг ғалабангиз ва мукофотингиз бўлади!
1-усул – тебратиш
Болани ухлашга ётқизишнинг энг омамвий
усулларидан бири – болани қўлда, слингда, фитболда, каравотда ёки
беланчакда тебратиш. Бу усул энг кичкина гўдакларга тўғри келади, чунки
бу уларга онасининг қорнидаги энг ажойиб даврни эслатади. Одатда болалар
жуда тез ухлаб қолади, ахир ёнларида яқин кишилари бор-да. Гўдак она
тафтини ва унинг юрак уришини сезади, бир маромдаги тебратиш эса уни
уйқуга тайёрлайди.
Усулнинг жиддий камчилиги –
фаришталардай сабрли бўлишга тўғри келади, ахир болани у чуқур уйқуга
кетгунга қадар тебратишга тўғри келади-да. Ҳаддан ташқари кўп тебратиб
юборсангиз ёки уни маромига етказмасангиз – тамом, қайтадан бошлайсиз:
боланинг уйқуси тушингизга киради. Онанинг бошланғич жисмоний
тайёргарлиги ҳам ортиқчалик қилмайди, чунки болалар тез ўсади.
2-усул – кўкракни эмиб ухлаб қолиш
Агар фарзандингиз кўкрак сутини эмадиган
бахтиёр болалардан бири бўлса, унда унинг эмаётган пайтида тез-тез
ухлаб қолишини сезган бўлсангиз керак. Сутли аралашма солинган шишача
унчалик яхши таъсир қилмайди, лекин барибир асқотади: боланинг хотиржам
уйқуси таъминланади.
Камчилиги – болани тебратиб ухлатишдаги
каби битта: уни кўкракдан олиб, каравотга ётқизаётган пайтингизда бола
яна уйғониб қолиши мумкин. Бунинг устига гўдак улғая бошлаши билан уни
бу усул ёрдамида ухлатиш ҳам қийинлашиб бораверади.
3-усул – биргаликда ухлаш
Кўпгина оналар болалари билан биргаликда
ухлайдилар. Бу юқорида қайд этилган иккита усулни мукаммалликка
етказишга ўхшайди, ахир кўкракни боладан олиб, уни каравотга ётқизишга
тўғри келмайди-да. Таниш ҳидни ҳис этаётган бола хотиржам уйқуга кетади,
онаси ҳам болани овқатлантириш учун ўрнидан бир неча марта туришига
тўғри келмайди.
Бу усул бир қарашда, идеалдай кўриниши
мумкин. Аммо, ундай эмас. Гап ҳатто ухлаб қолганда болани босиб қўйиш
мумкин, деган ваҳимада ҳам эмас. Бундай пайтда аксарият ҳолатларда
оиланинг отаси хафа бўлиши мумкин: у алоҳида бошқа жойда ётишга мажбур
бўлади, онага ҳам ухлаш ноқулайлик туғдиради, чунки у ёқ бу ёғига
ағдарилганида бола уйғониб қолиши мумкин. Умуман олганда эса, ҳар бир
оила вақтинчалик қийинчиликларнинг қай бирига чидашни ўзи ҳал қилади.
Баъзида ҳар сафар тунда уйғониб, боланинг каравотига югургандан кўра,
гўдакни ўзингиз билан олиб ётганингиз маъқулроқ.
4-усул – ҳаракатлар кетма-кетлиги
Бу болани ухлатишнинг энг мақбул усули
ҳисобланади. Сезганингиздай, бу ерда энг муҳим сўз – кетма-кетлик. Ҳар
куни уйқудан олдин бажариладиган бир хил ҳаракатларга амал қилиш керак.
Масалан, болани чўмилтириш, эмизиш, кейин ухлашга ётқизиш қатъий бир
вақтда амалга оширилиши шарт: кўрдингизми, боланинг уйқусини ҳам
тартибга солиш мумкин. Бу ҳаракатларни ҳар куни, танаффусларсиз ва дам
олиш кунларисиз бажарсангизгина, доимий натижага эга бўласиз.
Афсуски, бу усулнинг ҳам камчиликлари
бор: бизнинг беҳаловат ҳаётимизда ҳамма вақт ҳам жадвалга аниқ амал
қилиб бўлмайди, кейин натижаларни ҳам камида икки ой кутишга тўғри
келади.
5-усул – будильник
Йўқ, чўчиманг, гўдакнинг қулоғи остига
жиринглайдиган соатни қўйиш шартмас: у сизга боланинг уйқусини чўзишга
ёрдам беради. Агар боланинг уйқу кундалигини юритсангиз, тез орада у бир
пайтда уйғонишини билиб оласиз. Яхши деб айтиш қийин бўлса-да, энди
гўдак ўз одатларига эга бўлиб бўлди.
100 фоиз натижани ҳеч ким кафолатламаса
ҳам, вазиятни тўғирлаш мумкин. Фарзандингиз неччида уйғонишини аниқлаб,
уни шу вақтдан роппа-роса ярим соат олдин уйғотинг. Шу тарзда сиз болада
шаклланиб бўлган тартибни бузасиз ва аста-секинлик билан уйғонишлар
орасидаги интервални ўзингизга керакли натижага эришгунга қадар ошириб
борасиз.
Бу усулни тезкор деб айтиш қийин, бунинг
устига у иккала томон учун азобли. Бола бир вақтда уйғониш одатини
қолдириб, буни тартибсиз қила бошлайди. Ана шунда бутун уйқу тизимини
янгидан йўлга қўйиш мумкин бўлади. Аммо болангизни ухлашга ётқизиш жуда
қийин ишга айланади.
6-усул – матонатли оналар учун
Бу усулдан фойдаланишдан олдин
сабр-тоқат ва валерьянкани ғамлаб қўйинг: бу ерда асабларингиз темирдек
мустаҳкам бўлиши жуда асқотади. Асабий ва бесабр оналар учун бу усул
қатъиян ман этилади. Асосий «машқлар» кундузга тўғри келади, лекин тунда
ҳам енгил нафас ололмайсиз.
Шундай қилиб, фарзандингиз уйқу
белгиларини намоён этишини кутинг, масалан, у кўзларини ишқалай
бошлайди, эснайди ва инжиқлик қилади. Агар бундан олдин у ўйнаб,
ҳаяжонланган бўлса, уни тинчлантиришга тўғри келади, лекин ҳеч қандай
ҳолатда болани тебратманг ва эмизманг. Кейин гўдакни каравотга ётқизинг
ва кўз ёши қилмаслиги учун ёнида туринг. Сиз алла айтишингиз, каравотни
енгил тебратишингиз мумкин, аммо унинг кўзларига қарамаслигингиз ёки
қўлга кўтариб олмаслигингиз керак. Агар бола 15 дақиқадан сўнг ухламаса,
кўз ёшлари эса ҳақиқий жазавага айланиб кетса, уни қўлга олинг,
тинчлантиринг ва қўлингизда ухлаб қолишига йўл қўймасдан, яна каравотига
ётқизинг.
Агар бола секин хиқиллаб, тинч ётган
бўлса-ю, аммо ухламаса, ёнида туринг ва буткул ухлаб қолгунга қадар
кутинг. Ухлашга ётқизиш даври кундузи 45 дақиқадан ошмаслиги, кечаси эса
бир соатдан ошмаслиги керак. Чўчиб қолдингизми? Ушбу усулни қўллашни
бошлаган бўлсангиз, асосийси – уни ўртасида ташлаб қўймаслик. «Даволаш
курси» – бир ойга яқин. Лекин боланинг уйқуси шунга арзийдими?
7-усул – ёлғиз ухлатиш
Бошланиши 6-усулдагидай: уйқуга
кетишнинг илк белгиларини кузатишингиз билан болани каравотга ётқизинг.
Гўдак тинчланиши билан хонадан чиқинг. Бунда дарҳол гўдакнинг норози
йиғисини эшитасиз. Дарров боланинг олдига югурманг, уч дақиқа кутинг,
агар у жазавага туша бошласа – кўпи билан бир дақиқа кутинг. Кейин
хонага қайтинг ва болани тинчлантиришга урининг. Бола уч дақиқадан
кўпроқ ўпкаси тўлиб йиғласагина қўлингизга олинг. У тинчланиши билан яна
каравотга ётқилинг ва секингина хонадан чиқинг. Бола ухламасдан, яна
йиғладими? Қайтиб, гўдакни тинчлантиринг. Ухлашга ётқизишнинг умумий
вақти 45 дақиқадан ошмаслиги керак.
5-6 кундан кейин натижаларни кўришингиз
мумкин бўлади, аммо барибир сабр-тоқат ва валерьянкани ғамлаб
қўйганингиз маъқул: боланинг тўғри уйқуси томон йўл машаққатли. Ҳаддан
ташқари талабчанлик учун ўзингизни койиманг: режимни тартибга солар
экансиз, демак фарзандингиз ҳақида қайғуряпсиз. Эътиборли бўлинг: 5, 6
ва 7 усуллар ёрдамида болани ухлашга ётқизиш у 5 ойга тўлмагунча мумкин
эмас.
8-усул – илиқ ванна
Одатда тинчлантирувчи гиёҳлар дамламаси
қўшилган илиқ ванна ажойиб натижа беради. Фарзандингиз чўмилганидан
кейин ўзини қандай тутишига эътибор қилинг: баъзиларга ванна
тетиклаштирувчи таъсир қилади. Агар фарзандингиз илиқ сувда чўмилганидан
кейин кўзларини ишқалаб, тезда уйқуга кетадиган болалар тоифасига
кирса, бу – ажойиб. Иш ҳам камаяди – болани овқатлантирасиз ва ухлашга
ётқизасиз.
Иттиканак дамламасидан ваннага қўшимча
сифатида фойдаланишингиз мумкин – у нафақат теридаги яллиғланишларни
(агар мавжуд бўлса) олади, балки гўдакни тинчлантиради ҳам. Валерьянка
билан эҳтиёт бўлинг: педиатрлар уни бир ёшга тўлмаган болага беришни
қатъиян ман этишади, чунки у тескари таъсир қилиши мумкин.
9-усул – фойдали шовқин
Кичкина болалар чангюткич, феннинг бир
маромда гувиллаши ёки радионинг овози, сув шовқини ёки сўзсиз алла
остида яхши ухлаб қолишади.
Мос келадиган мусиқани ёки керакли
товушни топинг ва болани ҳар сафар каравотга ётқизганингиздан кейин уни
ёқиб қўйинг. Фақат товуш боланинг уйқусини бузмаслиги ва мудраётган
болани уйғотиб юбормаслиги учун секин чиқиши керак.
10-усул – шинам уяча
Бу усул жуда кичкина болалар учун
самарали ишлайди: унинг ёрдамида болани уйқуга ётқизиш жуда осон. Керак
бўладиган ягона нарса – бу кўрпа ёки адёлдан пиллага ўхшаш нарсани ясаш.
Болани йўргаклаб қўйинг ёки шунчаки қўлларини олинг, улар боланинг
ухлашига халақит бермасин. Бу ерда асосийси адёл бола уйқусида нафаси
тиқилиб қолмаслиги учун унинг бурнига яқин турмаслиги керак. Одатда,
чақалоқлар катта ҳудудга кўникмаган бўладилар, бу уларни қўрқитади: ахир
бундай аҳволда қандай уйқу бўлиши мумкин? Адёлдан ясалган пилла эса,
болага онасининг қорнидаги беташвиш даврни эслатади. Тунингиз хайрли
бўлсин, яхши ухлаб туринг!
|