Ҳинд
фильмларига азалдан халқимизнинг ўзгача меҳри, иштиёқи бор. Биз ҳам
болалагимизда ТВда биронта ҳинд фильми намойиш этилгудек бўлса,
кўзимизни қадаб олардик ёхуд афишада янги ҳинд фильмини кўрсак бўлди,
ҳамқишлоқлар билан кинотеатрга ёпирилиб борардик. Ҳинд картиналаридаги
ёрқин ва гўзал тасвирлар, планетамиздаги энг кўркам табиат ва шу
мафтункорлик қўйнидаги қўшиқлар ҳамма ҳаммаси дилимизнинг тўридан жой
олган. Шундай қилиб, қай биримиз Амитабхнинг, бошқамиз Шохрух Хоннинг,
яни биримиз Кажол, Мадхури, Салмон Хоннинг мухлисига айланганмиз...
Бироқ,
биз бугун сизларга Ҳиндистон, хусусан, Болливудга қилган сафаримиз
чоғида пайдо бўлган реал фикрлар ҳамда ҳинд киноижодкорлари ва
томошобинлари билан ўртоқлашилган мулоҳазаларни бўлишмоқликни мақсад
қилдик. Таъбир жоиз бўлса, Болливуд оламининг кеча ва бугуни ҳақида сўз
юритмоқчимиз. Ҳақиқатан ҳам, ўтган ва ҳозирги ҳинд фильмлари ҳар
томонлама бир-биридан фарқ қилади. Оддийлик ўрнини замонавийликка,
мантиқ бачканаликка, ҳаё енгилтакликка ўрин бўшатаёнгандек...Кечаги ҳинд
фильмлари кўзимизни ёшлатса, ҳозир очиқ-сочиқлик ҳайратга солади.
Келинг,
ҳаммасини бир бошидан бошлаймиз. Болливуд оламида энг довруқли
компаниялар "Yash Raj films”, "Dharma Productions” ҳамда "SLB films”
ҳисобланади. Биринчи компаниянинг асосчиси Яш Чопра бўлиб, ёши саксонга
яқинлашиб қолган режиссёр ҳануз замонавий кинода ўз ўрнини йўқотмаган.
Иккинчи компания асосчиси Яш Жоҳар бўлиб, у қазо қилгач, режиссёрнинг
ёлғиз ўғли Каран Жоҳар онаси Хиру Яш Жоҳар билан ҳамкорликда отаси
эришмаган ютуқларни забт этмоқда. Учинчи компания раҳбари Санжай Лила
Бхансали Ҳиндистонда "гений” режиссёрлар сафининг биринчиларидан
саналиб, ҳар 5-6 йилда биттагина фильм суратга олади. Яш Чопранинг (ўғли
Адитья Чопра билан ҳамкорликда) "пасспорт” фильмлари "Ўғирланмаган
келин”, "Вир ва Зара” бўлса, Каран Жоҳар бу борада анчайин илғор:
"Ҳаётда ҳамма нарса бўлади”, "Гоҳо шодлик, гоҳо ғам ”, "Ҳеч қачон Алвидо
деманг”, Санжай Лила Бхансали "Девдас” ва "Зулмат” фильмлари орқали
Болливуд тарихининг зарварақларидан жой топа олди. Энг қизиғи, бу учала
компания картина учун бир неча миллион доллар (яъни Болливуд оламида
фильмлар яратишга энг кўп маблағ ажратадиган учлик) пул тикади ҳамда энг
таниқли қиёфаларни жалб этади ёхуд турли шов-шувларни ўйлаб топиб,
фильмнинг оммабоплиги ҳақида пухта режа тузади. "Девдас”да икки
рақобатчи ҳурлиқо Мадхури Дикшит ва Айшвария Рай бир саҳнада пайдо
бўлса, "Ҳеч қачон алвидо деманг”да Каран бир картинага бирйўла 5 та энг
рейтинги юқори юлдузни жамлади, "Вир ва Зара”да режиссёр бир ҳижронга
тўла муҳаббат тарихи орқали Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги бир неча
йиллик совуқ муносабатларни илитишга интилган. Каран Жоҳарга қолса,
унинг барча фильмларида севимли дўсти Шохрух Хон рол ижро этса бас! Қора
рангни жони дилидан севувчи режиссёр Санжай Лила Бхансилининг бошқа
ҳамкасбларидан энг катта фарқи, унинг ижодидаги ғайритабиийликка туташ
лирика: картинанинг аксарият қисмини миллион долларлар эвазига яратилган
баҳашам декорацияларда суратга олиш (росманасига фақат шу ижодкоргина
уддасидан чиқа олади). Тан олиш керак, Болливуд фильмларидан нозиклик ва
романтикани ўрганса арзийди. Эмоционалликни гапирмаса ҳам бўлади!
Ҳиссиётлар тасвирларда ҳақиқатга айланиб кетади ("Меҳрибонгинам”, "Зита
ва Гита”, "Қасос ва Қонун”, "Диско раққоси”...). Бироқ, бугунги ҳинд
фильмларини кузата туриб, кўп ҳолларда Холливудга тақлидни пайқаймиз.
Очиқ саҳналар, шаҳвоний сўзлар, жаргон иборалар, диалоглардаги олди-
қочди гаплар ("Қизил”, "Ҳеч қачон алвидо деманг”, "Менинг исмим Хон”,
"Қурбон”, "Пойга”,"Савария”, «Эҳтиёт бўлинг, гўзаллар!»...) турли
миллатлар минталетитига, ҳамма томошобинлар дунёсига тўғри келавермайди.
Сўнгги пайтда Болливудда бир жинслилар муҳаббатига бағишланган
фильмларнинг пайдо бўлиши ("Дўстона”, "Билмадим, нега?”) эса оммавий
танқидга ҳам сазавор бўляпти. Болливудга сафаримиз чоғида "Варраклар”
номли фильм премъерасида бўлдик. Ритик Рошан ижросидаги узоқ кутилган
картина. Дели ва Мумбай каби энг йирик шаҳарнинг қайси бурчагига
қараманг, шу фильм рекламасига кўз тушади. Бош ролларни талқин қилган
Ритик ва Канадалик актриса танасиними ё фильмни реклама қилган,
англолмай ҳалак бўласиз. Ғариб ҳинд халқи бу ҳолни қандай изоҳлаши
мумкин, қизиқ?
Бир нарсага тан бериш мумкин,
фильм рекламасининг кўриниши қандай бўлишидан қатъий назар, унинг
оммабоплигини сифатли ва кенг қамровли тарзда ташкил этилади. NDTV
телеканали журналистлари ва оддий халқ вакиллари билан суҳбатлашишимиз
асносида шунга амин бўлдикки, айни пайтда актёр ва актрисалар машҳурлик
палласи ҳам бир неча синфларга ажратилган:
Энг
қиммат гонорар эгалари: Акшай Кумар, Шохрух Хон, Амир Хон, Приянка
Чопра, Карина Капур, Кажол, Айшвария Рай-Баччан, Ритик Рошан.
"Нуронийлар”,
бироқ эҳтиёж бор (улар фильмлар файзи, ўрта ёшлилар аудиториясини
тўпловчи куч): Амитабх Баччан, Хема Малини, Анупам Кхер, Ом Пури, Рекха,
Жухи Чавла, Анил Капур.
Мега юлдузлар сценарийни рад
қилганда ("Йўқдан кўра бори” қабилида таклиф этиладиганлар): Саиф Али
Хон, Прити Зинта, Рани Мукхержи, Катрина Кэйф, Жон Абрахам, Абхишек
Баччан...
Янги супер-юлдузлар (энг кўп
ёшлар аудиториясини фақат улар орқали жалб этиш мумкин): Ранбир Капур,
Дипика Падукон, Анушка Шарма, Шаҳид Капур, Имрон Хон.
Ҳинд
фильмларини қўшиқсиз тасаввур қилиш қийин. Бастакорлар ҳам турлича.
А.Р.Раҳмон – дунё тан олган, мусиқада олим бўлса ("Харобадан чиққан
миллионер”), Шанкар, Эҳсон, Лой ҳамда Салим Сулеймон ўз юртида энг
таниқли юлдуз бастакорлардир. Қизиғи, энг кўп режиссёрлар олим
бастакордан кўра, юлдуз ижодкорлар билан ишлашни афзал билишади. Балки,
"олим”нинг инжиқлиги бисёр ё иш ҳақи чидаб бўлмас даражада!?
2010
йилнинг ярим йиллигида омманинг эътиборини қозоналмайдиган 500 дан ортиқ
фильм яратилган бўлса, улардан ўз номини ҳам қозонолмагани "Менинг
исмим Хон” бўлди. "Fox Star”дек донғи кетган Холливуд компанияси реклама
қилган, ҳатто Шохрух Хоннинг ўзи иккинчи режиссёр сифатида яратган ушбу
фильм ҳинд диёрида эътиборсизларча қабул қилинди. Ҳатто, ҳиндлар
орасида шундай фильм яратилгани ҳақида маълумоти йўғи ҳам топилди.
Шохрух Хоннинг навбатдаги омадсизлиги...Тўғри, фильм кўплаб мусулмонлар
кўп истиқомат қиладиган мамлакатларда анчайин шуҳрат қозонди, негадир
Ҳиндистонда эмас. "Ҳеч қачон алвидо деманг”да ҳам худди шу ҳол
кузатилганди. 9 йилдан сўнг яна катта кинода Шохрух Хон ва кажол
жуфтлигининг пайдо бўлиши, АҚШда кечган суратга олиш жараёни, қидир
адирларда тентакларча қўшиқ куйлашларсиз...буларнинг биронтаси фильмни
хит даражасига етказа олмади! Аксинча, шу картинадан илгари яратилган
"Худо яратган жуфтлик” эса (фақатгина машҳурлардан Шохрух Хонни
танийсиз, Анушка Шарма эса мега юлдузнинг картинадаги рафиқаси ролини
ижро этгани билан танилиб қолди!) Ҳиндистонда биринчиликни қўлга
киритди. Икки фильмнинг энг катта фарқи, "Худо яратган жуфтлик” ҳиндча
қиёфасини сақлаб қолганлигида.
Яқинда
катта экранларга чиққан "Ражинита” (сиёсий воқеалар ҳақида), "Раван”
(Абхишек ва Айшвария иштирокидаги фалсафий муҳаббат картинаси) кабилар
ҳам кенг омма диққатини жалб эта олмади. Жоҳар эса навбатдаги икки йирик
лойиҳасининг омадли чиқишидан жуда умидвор. Бири "Севги қиссаларини
ёмон кўраман” (Имрон Хон) фильми бўлса, иккинчиси "Биз оиламиз” (Аржун
Рампал, Кажол, Карина Капур). "Биз оиламиз” фильми Австралияда суратга
олинган бўлиб, шу ерлик режиссёрнинг "Ўгай она” (Жулия Робертс)
фильмининг ҳиндча талқини, қонуний дубликатидир (фильм сценарийси расман
сотиб олинган).
Шундай гўзал табиати борми,
Ҳинд ўлкасининг? Биз ҳам шундай ўйлагандик. Сеҳрли мамлакат ҳақидаги
тасаввурларимиз чиппакка чиқди...Ҳиндистоннинг ҳақиқий юзини Дэнни
Бойлчалик ҳеч қайси режиссёр одилона кўрсата олмаган. Режиссёр ўз
фильмида ҳалиям инсоф қилган. Картинада бу ўлканинг асл қиёфасини
экзотик равишда чиройлироқ тасвирланган. Аслида, фақат кўз билан кўриб
амин бўлинадиган харобалар, харобазорлар...Кулгули, "Фильмсити” –
фильмлар суратга оладиган шаҳарча қуриб олиб, фалон пулга декорация
қурганча, шунча маданий ёдгорлик ва обидаларни қайта таъмирлаш,
ободонлаштиришга сарфлашганидами, камида яна ўн йилга етгулик фильмларни
Европанинг бир бурчагию, океан орти мамлакатининг осмонўпар биноларида
суратга олиб тентираб юришмасди. Устига-устак, бегона юрт табиатини
мақтаб, тинмасдан кўз кўз қилиш шарт бўлмасмиди?
Ҳиндистон
ҳукуматининг ўзи ҳам бугунги айниётган Болливуднинг аҳволини тўғри
англаб етиб, униб келаётган ёш авлод мафкурасини бузилиб кетмаслигининг
олдини олиш, классик ҳинд фильмларини қайта тиклаш мақсадида 140 миллион
доллар миқдорида пул ажратгани бежизга эмас. Шундай қилиб, биз ҳам бир
тилакдамиз, Болливуднинг ўз нафис оҳори бор. Шу оҳор тўкилмасин. Кўзимиз
кўриб ўрганган гўзал туйғуларга дарз кетмасин.
|