Азалдан бежизга айтишмайди, бошингга бало келса ё тилингдан, ё
қилмишингдан келади! Озгина элга танилиб қолган машҳур борки, сал
эътибор беришса, коптак каби кўкка сапчийди ё яна шу янглиғ бошқа
ҳолатлар кечади. Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур дейишади.
Наҳот, бугунги кунда ўзидан кетганларнинг ҳолини кўриб дарс олиш, хулоса
қилиш мушкул бўлса? Хонандалар орасида ўйламай босган қадами учун жазо
топаётганлари камми? Энг ачинарлиси, мутасадди ташкилотлар ва эл меҳри,
ишончини суистеъмол қилиш. Ҳосила Раҳимова ёмон санъаткор эмас. Ўз
услуби билан юзлаб мухлислар орттирди. Байрам тадбирларида иштирок этиб,
кўпчиликнинг диққатини тортди-ю, ҳаволаниб кетди. Юлдузликка чалинди-ю,
бетоб бўлиб қолди. Бу "касаллик” дарди бедавомидики, тузалиш учун бир
неча йиллар талаб этилса ё тақдирга тан берилса! Ҳосила Раҳимова ўзида
орттирган янги иллат каланпоғлик таъсирида интизомни бузгани учун ҳам
бошига бало орттирди. Энди икки-уч ой ТВда ва бошқа тадбирларда қўшиқ
куйлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Аслида, бу тарбиявий кичик жазодан тўғри
хулоса чиқармоқ керак. Репетицияларга ўз вақтида келганида, бу йилги
Мустақиллик тантаналарида куйлаб, эл олдидаги яна бир "қарз”ини адо
этармиди?! Хулқи, тарбияси, аҳлоқи яхши бўлган санъаткор ҳеч қачон
эътибордан четда қолмайди, хато қилганни бир, икки, уч кечириш
мумкин...охийри, жавоб бериши ҳам керак-да! Назаримизда, Ҳосиланинг бу
қилмишининг оқибати неларга олиб келишидан бошқа димоғдорлар ҳам сабоқ
олишса, мақсадга мувофиқ бўларди.