«Динейра: ҳаммасини ўзим бажаришга ҳаракат қиламан – ўзимга ўзим продюсер, услуб ва визаж устасиман!»
Динейра
– руҳан кучли ва нозик кўнгилли, мақсадга интилувчан, шижоат ва
муҳаббатга тўла. Динара номидан келиб чиққан шарқона сирли тахаллусга
эга хонанда.
У мустақил равишда, ўз ишига ишонган
ҳолда қариндошлари ва яқинларининг кўмаги ҳамда муҳлисларининг муҳаббати
билан шоу-бизнес йўлидан олға қадам босмоқда. Хонанда бунга қандай
эришаётгани ҳақида Динейранинг ўзи Krasota.uz. сайти ўқувчиларига
гапириб беради.
Юлдузли старт
Хонанда бўлишдан олдин ўзимни турли
соҳаларда намоён этишга уриниб кўрдим. Иқтисодиёт соҳаси бўйича таълим
олдим, кейин моделлик бизнесига ўтиб кетдим, аммо тақдир тақозоси билан
Star.uz лойиҳасига (Россиянинг «Фабрика звёзд» лойиҳасига ўхшаш) тушиб
қолдим ва унда ғолиб чиқдим. Мазкур лойиҳадаги ғалабамни ижодий
фаолиятимдаги илк қадам деб айтиш мумкин. Продюсерим Шерзод Мадумаров
кўмагида «Алвидо» деб номланувчи биринчи яккахон альбомимни чиқардим.
Ижод йўлини, яъни хонандаликни танлаб,
мен, биринчи навбатда, ўзимни топдим. Юқорида айтганимдай, ўзимни турли
соҳаларда изладим. Қўшиқ айтишни бошлаганимда эса, ўзимни излаш
борасидаги ҳаракатларим тўхтади, ўшанда бу айнан менинг соҳам эканини
англаб етдим.
Ижодим
Ижодим, мусиқам – бу менинг бир
бўлагим. Ҳар бир композицияга менинг ўйларим, ҳисларим йўғрилган.
Қўшиқларимнинг матнини асосан ўзим ёзаман («Муҳаббат ҳақида қўшиқ»,
«Когда ты грустишь»), агар бу ишни бировга ишониб топширсам, албатта
унинг тахминий мазмунини муҳокама қиламан. Руҳий ҳолатим навбатдаги
композициям қандай бўлишига бевосита таъсир қилади. Нимадандир сиқилсам
ёки қайғурсам, қўшиқ ҳам маҳзун ва хушоҳанг бўлиб яратилади. Агар
ташқарида ёз фасли, қуёш барқ уриб туриб, мен қувноқ кайфиятда бўлсам,
композиция ҳам худди шундай кайфиятда бўлади. Барча кўришингиз ва
тинглашингиз бўлган нарсалар, яъни клиплар ва қўшиқлар – уларнинг
ҳаммаси ўзимни акс эттиради.
Мени доим янги уфқлар ўзига тортади,
янги ва номаълум нарсаларга интилиш фақат бир йўналишда ишлашимга йўл
қўймайди. Шу боис менинг мусиқам услубларининг хилма-хиллиги билан
ажралиб туради. Мусиқа ва матнларни ёзишга уларнинг айтилиш услуби
такрорланмаслиги учун турли бастакорлар ва шоирларни жалб этишга ҳаракат
қиламан.
Бунинг устига мен турли тилларда куйлайман ҳам: рус, ўзбек, қозоқ, тожик ва инглиз.
Ўз фаолиятимда сифатга жуда эътибор
қиламан. Шунчаки бирор янги нарсани эмас, балки муносиб даражада
яратилган композицияни кўрсатишни истайман. Шунинг учун клиплар ва
қўшиқларнинг сифатида ҳеч қачон тежамасликка интиламан.
Шоу-бизнесимизни сифатлироқ қилишга,
томошабинлар ва тингловчилар учун кўпроқ меҳнат қилишга интилувчан
артистларимиз кўпайишини хоҳлардим.
Ўзимга ўзим хўжайин
Ижодий фаолиятимнинг бошиданоқ менга
Шерзод Мадумаров продюсерлик қилган, ундан жуда миннатдорман. Ҳозирча у
менинг биринчи ва ягона продюсерим, ундан кейин ҳеч кимнинг хизматидан
фойдаланганим йўқ. Аслида мен ишонишим мумкин бўлган кишилар жуда кам.
Одамларни яхши ажратаман, ҳаммасини кўриб тураман: ёлғонни кўраман,
бирортаси менинг ҳисобимдан пул ишлаб олишга ҳаракат қилаётганини дарров
сезаман. Баъзи кишилар менинг продюсерим бўлиш истагини билдиришганида,
мен илтифотлик билан рад этганман. Натижада мустақил ишлашга қарор
қилдим. Шуниси ҳатто осонроқ ҳам. Ҳеч ким менга нима қилишни ва қандай
қилишни ўргатмайди, фаолият ва танловда мутлақо эркинлик. Менга
қўшиқларни айтиш услуби ва тарзини мажбурлаб қилдиришолмайди, одатийроқ,
анъанавий мусиқани ижро этишга мажбур қилишолмайди. Шу боис ўзим бирор
нарсага ўзимга ёққан тарзда эришганим маъқул. Лекин барибир, ҳаммасини
ўзим қилишим осонмас. Кўплаб қийинчиликларни енгиб ўтишга тўғри келади.
Менга беғараз ёрдам беришлари мумкин
бўлган дўстларим, ҳамкасбларим, танишларимдан бағоят миннатдорман.
Менинг маъмурим, шу билан бирга ёрдамчим ва ўнг қўлим кўпгина ташкилий
масалаларни ҳал қилади, ўзим эса – каттароқларини.
Шунингдек яқинда «Тарона Рекордс» студияси билан шартнома имзоладим, ҳозирги кунда у продюсерлик маркази ҳам ҳисобланади.
Мухлисларга муносабатим
Қилаётган ишларимнинг барчаси –
кишиларга, менинг фаолиятим юрагида акс-садо берганларга аталган.
Ижодингни қадрловчи кишиларни севиш, уларга ҳурмат билан қараш ва
алоқани ушлаб туриш жуда муҳим. Масалан, "Одноклассники”да профайлим
рўйхатдан ўтган, у туфайли тингловчиларим билан яқиндан мулоқот қилиш
имконига эгаман. Кўп ҳолларда одамни ноқулай аҳволга соладиган ва
ўринсиз саволлар беришади, аммо мен барчасига жавоб беришга ҳаракат
қиламан. Савол беришяптими, демак бу уларга қизиқарли. Бундан ташқари,
шахсий сайтим ҳам бор. Сайтнинг «меҳмонхона» бўлимида ижодимни қадрловчи
мухлисларим билан алоқада бўлиб тураман. Барча фикр-мулоҳазаларга
диққат билан қулоқ тутаман. Кўп ҳолларда бирор бир қўшиғимнинг клипи
мухлисларимнинг фикр-мулоҳазалари туфайли тасвирга олинади. Масалан,
улар ҳозир ҳам қўшиқларимдан биттасини мақтаб кўрсатишмоқда, шу боис мен
унга клип олиш ҳақида ўйлаяпман. Ахир нима қилаётган бўлсам барчаси –
улар учун. Шунинг учун ҳам мен уларни тинглайман ва қулоқ тутаман. Аммо,
шунга қарамасдан, кўнгли нозик киши бўлганим учун танқидга ҳушёрлик
билан муносабатда бўламан. Танқид албатта бўлиши керак, бироқ у холис
бўлиши ва моҳиятга тўғри келиши керак. Чунки ҳеч қандай асоссиз,
кишининг иззат-нафсига тегиш учун қасддан қилинган танқидлар ҳам учраб
туради. Бундай танқидлардан эҳтиёт бўлишга ҳаракат қиламан.
Мақтовларни яхши кўраман! Ижодим
кимнингдир юрагидан жой олса, кимдир у билан завқланса – бу мени жудаям
рағбатлантиради, илҳомлантиради. Янада кўпроқ ва яхшироқ ишлашни истаб
кетаман.
Ўзгача композициям
«Зор-зор» композицияси – бошқаларига
ўхшамаган, ўзгача. Шу қўшиққа клип олаётган пайтимизни эслайман. Ўша
пайтлар мен учун жудаям бахтиёр дамлар эди... У даврдан ажойиб
хотираларим қолган. Тасвирга олиш ишлари Бухорода ўтаётганди, у ерга уч
кунга боргандик. Зерикиб қолмаслик учун ўзим билан дўстларим ва
дугоналаримни олдим. Нозим Жумаев шу клипнинг режиссёри бўлди. У
истеъдодли клипмейкер бўлишдан ташқари, ажойиб инсон ҳам, жуда киришимли
ва дилкаш киши, унинг даврасида бўлиш жуда ёқимли. Уч кун Бухорода
бўлдик, ишладик, клипни тасвирга олдик, кунига уч соат ухлаган бўлсак
ажабмас, аммо ҳеч ҳам чарчамадик. Кечгача клипни тасвирга олиш ишлари
кетарди, кейин эса ҳаммамиз йиғилиб, қувнардик. Шунчаки вақтимизни чоғ
қилиб ўтказардик. Компаниямиз билан шаҳардаги барча диққатга сазовор
жойларни бориб кўрдик. Айнан шунинг учун ҳам «Зор-зор» композицияси ва
клипни тасвирга олиш ишлари менда ғаройиб ҳиссиётларни туғдиради. Ҳар
бир қўшиғимга нисбатан ҳаяжонли муносабатда бўлишимга қарамасдан, айнан
шу қўшиғимни ўзгача дея оламан.
Янги альбом
Ҳозир иккинчи альбомим устида фаол
ишлаяпман. У олдингисидан фарқ қилиши табиий, албатта, биринчи навбатда у
анча «пухтароқ» ишланган. У пайтда мен эндигина ижодимни бошлагандим,
ҳозир эса мусиқа қандай бўлиши кераклиги борасидаги тажрибам ва тушунчам
кўпроқ. Янги альбомдаги мусиқа ритмли ва рақсбоп бўлади. Ундаги
композициялар ҳам турли тилларда ижро этилган: ўзбек, тожик, инглиз.
Шунингдек, альбомда албатта бир неча қизиқарли ва ўзига хос ремикслар
ҳам бўлади. Дуэт куйлашни ўйлаяпман, аммо айни пайтда у айнан ким билан
бўлишини айтолмайман. Бу масалага мен жуда масъулиятлик билан ёндашаман.
Ҳатто шу ерда ҳам бошқалардан фарқ қилишни ва бирор ғаройиб нарсани
тақдим этишни истаяпман. Масалан, ҳеч ким ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган
хонанда билан дуэт куйлашни, яъни ҳеч ким кутмаган ва «контраст» дуэт.
Мен иштирок этадиган бирор фильмга саундтрек ҳам альбомга кириши мумкин.
Келгусидаги режаларим
Ўзимни актриса сифатида синаб кўришни
анчадан буён орзу қиламан. Бизнинг ўзбек фильмларимизда суратга тушиш
учун таклифлар тушган бўлса-да, мен ўзимни тийдим. Ҳозирги ўзбек
кинематографиясига анча шубҳа билан қарайман. Афсуски, у аксар ҳолларда
апил-тапил тасмага олинган фильмларни эслатади. Ҳеч кимни хафа қилиш
ниятим йўқ, аммо баъзида битта клипимнинг бюджети бутун бир фильмнинг
бюджетидан анча кўпроқ бўлади. Шу боис ўзимни янги соҳада синаб кўришни
қанчалик истамайин, ҳозирча рад жавобини беряпман. Қувончли янгилик ҳам
бор. Яқиндагина менга МДҲ мамлакатлари (Россия, Украина, Қозоғистон ва
Ўзбекистон) артистлари ҳам жалб этилган жангари фильмда суратга тушишни
таклиф қилишди. Бир сирни очмоқчиман: фильмда мен бош қаҳрамон ролини,
яъни реклама агентлиги менежери образини ижро этаман. Фильм мелодрама
(ҳиссиётлар) ва томоша ҳаракатларини (экшн, жангари) ўзида бирлаштирган.
Бу айнан мен ўзимни синаб кўришни орзу қилган услуб. Ушбу фильмда роль
ижро этиш таклифи тушганида мен ўйлаб ўтирмасдан розилик бердим. Яна бир
орзуим бор, аниқроғи орзу эмас, келажакдаги режам – ўз мактабимни очиш.
У ерда вокал, актёрлик маҳорати ва хореографиядан дарс берилади. Мен
мактабимни айнан шундай тасаввур қиляпман.
Бу артист бўлишни истаганлар учун мактаб. Барибир шоу-бизнесда озми-кўпми тажрибам бор, у билан ўртоқлашишни истайман.
Ҳамкасб фикри: Mr.Slan (қўшиқлар муаллифи, рэп-ижрочи, студия продюсери)
Динейра ҳақида қуйидагиларни айтишим мумкин: у нозик флюидли мафтункор қиз.
Менга унинг ақл бовар қилмайдиган
даражада мақсадга интилиши ва нима бўлган тақдирдаям муваффақиятга
ишониши ёқади. Артист учун, қиз бола учун бу жуда муҳим. Динейра
харизмага бой ва кадрда жуда яхши кўринади. Менга у билан ишлаш доим
ёққан, чунки унда кўпгина артистларимизга хос асоссиз нафсоният йўқ. Бу
улкан плюс, чунки ўз устингда доим ишлаганингда бир жойда турмайсан.
Динейра юқорида санаб ўтилган фазилатлари билан бир қаторда доно қиз
бўлгани учун буни яхши тушунади.
Бир қизиқ воқеа эсимга тушди. «Топ 10»
янги йил телеконцертини тасвирга олиш пайтида биз «Гумон» қўшиғини ижро
этаётгандик. Шу пайтда саҳнага сунъий қор ёғаётганди, бу эса оёқ
остидаги полни сирпанчиқ қилиб қўйганди. Худди конькида югурувчиларга
ўхшаб бир-биримиз томон сирпаниб боришимиз ва саҳнага чиққанимизда шу
вазиятни кулгули тарзда пишитишимиз қизиқ бўлган. Охирида йиқилиб
тушишимга оз қолган, Динейра эса анча турғун бўлиб чиқди.
Гўзаллик ва саломатлик
Артист бўлиш – бу масъулият. Томошабин
олдида доим яхши қиёфада бўлиш керак. Шунинг учун мен спортзалда
шуғулланиб тураман. Агар у ерга боришга имконим бўлмаса, уйда гиламча
тўшаб муайян машқлар комплексини бажараман. Тез-тез узоқ масофаларга
югураман, уйимнинг олдида стадион борлиги ҳам жуда қулай. Аммо яхши
қоматга эга бўлишнинг ўзи етарли эмас, кўп нарса саҳнадаги образингга
ҳам боғлиқ. Мен эса ҳар сафар турли образда чиқаман.
Ҳар бир клипда ўз имижим ва унга
нисбатан ёндашувим бор. Соч турмагим ҳар сафар ўзгаради, кўп ҳолларда
сочимнинг ранги ва макияжимни ҳам ўзгартириб тураман. Образим одамнинг
жонига тегиб кетадиган даражада бўлмаслигига ва ҳар сафар тингловчимни
ҳайратда қолдирадиган даражада бўлишига ҳаракат қиламан.
Менинг услубим
Ҳозир либосларим қайси брендга тегишли
экани мени мутлақо қизиқтирмайди. Яширмайман, бундан олдин бироз вақт
давомида брендомания «касалига» йўлиққандим. Очиқ оёқ кийими фақат Jimmy
Choo бўлиши, сумка эса FENDI брендиники бўлиши керак эди. Вақт ўтиши
билан бу муҳим эмаслигини англаб етдим... Бунинг устига яхши сифатли
буюмни арзонроқ нархда ҳам доим сотиб олиш мумкин. Алоҳида тантанали ва
муҳим тадбирлар учун таниқли брендларга тегишли кечки либосларим бор,
уларни анча қимматга сотиб олганман, аммо уларнинг сифати ва дизайни ҳам
шунга яраша. Айнан шундай либослар аёл ўзини назокатли ва мафтункор ҳис
қилишига имкон беради.
Умуман олганда эса, оддий арзон
буюмлар орасидан ҳақиқий «олмос»ларни топиш қобилиятим билан
фахрланаман. Масалан, Швейцарияда (энг қиммат мамлакат) мен жуда кўп
чиройли либосларни арзон нархда сотиб олишга муваффақ бўлдим.
Дугоналарим анча вақтгача ҳайрон бўлиб юришди, ишонишмади.
Сизга маълумки, яқинда Ялтада бўлдим, у ерга ҳеч қандай ижодий режаларсиз фақат дам олиш учун жўнагандим.
Ўзим билан бир қанча жуда қулай спорт
кийимларини, чўмилиш либослари ва бошқа буюмларни олгандим. Лекин
барибир тақдир тақозоси билан «Абламайман» композициясига Ялта табиати,
денгиз гўзалликларидан фойдаланган ҳолда клип олишга қарор қилдик.
Клипда суратга тушиш учун мос келадиган либосларим йўқ эди, уларни
зудлик билан Ялтада сотиб олишимга тўғри келди. Натижада жуда чиройли
кўйлак топишга муваффақ бўлдим ва шу кўйлакда клипга тушдим. Либос 40
доллардан сал зиёдроқ турарди, аммо кўйлак учун бу нарх жуда арзон эди.
Ҳозир ҳам уни кийсам дугоналарим ва бошқаларнинг ҳавасли нигоҳларини
кўраман.
Модага муносабатим
Модани кузатиб бораман – Европа
модасини ҳам, ўзимизникини ҳам. «Дом Стиля» ўтказадиган намойишларга
бораман. Кўзга ташлана бошлаган ҳар бир тенденцияга эҳтиётлик билан
ёндашаман. Урф бўлаётган тренд буюмларини сотиб олишга интилмайман,
чунки улар эртага ҳамманинг эгнида бўлишини биламан. Ўз услубимни ишлаб
чиқиш мен учун муҳимроқ ва қизиқарлироқдир. Мени ғаройиб нарсалар ўзига
тортади, майли қиммат бўлмасин, аммо ўзгача бирор бир хусусиятли бўлсин.
Сўнгги пайтларда бирор майкачани ғайриоддий ва бежирим қилиш ғояларини
ўзим ўйлаб топяпман.
Муҳаббат ҳақида
Муҳаббат ҳаётимда доим биринчи ўринда
бўлган. У қадриятларим орасида энг асосийси ҳисобланади. У мен учун
илҳом париси, муҳаббатим бахтсиз ва ўзаро бўлмаса ҳам у – гўзалдир.
Ижодкор ва ҳаддан ташқари ҳиссиётларга бой киши сифатида мен доим кимнидир севишим, яхши кўришим керак.
Бу илҳом париси доим юрагимда: у ота-онамга, ёримга, яқинларимга, мухлисларимга муҳаббатимдир.
Севимли ишим билан машғул эканимдан
бахтиёрман. Аммо, шунга қарамасдан, ушбу касб мунтазам сафарларни,
ишларни, музокаларни, саҳна чиқишларини ва суратга олиш ишларини кўзда
тутишини яхши тушунаман. Тўлақонли шахсий ҳаёт билан артистлик
фаолиятини биргаликда олиб бориш жуда қийин бўлади. Йигитларнинг
ҳаммасиям буни тушунавермайди ва бунга рози бўлмайди. Агар ҳаётимда
муносиб ёр пайдо бўлса, унга муҳаббатим туфайли кўп нарсадан воз кечишим
мумкин. Ҳарҳолда ўз фаолиятимни бироз вақтга тўхтатиб, ўзимни унга
бағишлашим мумкин. Ҳаммага эмас, фақат ўзимнинг ягона севгилимга...
|