Семириб кетиш муаммоси кўпроқ кимларнинг бошини
оғритади? Тўғри, аёлларнинг. Бирорта кўйлаги кичикроқ келиб қолса,
камарининг тили бир тешигидан иккинчисига силжиса, кўчадаги ёки, худо
сақласин, ишхонадаги бирорта одам бошқачароқ назар ташласа, тамом –
бошларига мингта ҳаёл келади. Дарров парҳезу ортиқча жисмоний машқларга
эътибор кучаяди. Эркакларга-чи? Бу муаммо тўпиғидан юқори кўтарилмайди.
Салмоқли қилиб кўрсатяпти, дея ўзларини юпатишадию яшайверишади. Бунинг
тагида, маълум маънода, асос борга ўхшайди. Тадқиқотларнинг
кўрсатишича, эркаклар аёлларга қараган беш баравар тез озишар экан.
Бунинг асосий сабаби табиий: аёллар организми фарзанд кўриш учун ёғ
тўплайди. Эркак ва аёлда нафақат ёғ хужайраларининг тузилиши, балки
моддалар алмашинуви жараёни ҳам фарқланади. Айнан шунинг учун ўғлонлар
хотин-қизларга қараганда ортиқча вазндан тезроқ қутулишади. Агар
исташса, албатта. Эр ва хотин бир хил овқат тановул қилса ва спорт
залида биргаликда жисмоний машқларни бажарса ҳамки, натижа аввалгидек –
узун кўйлак кийганлар «яна нима қилайин» дея бош қашлаб ўтирганларида,
белида белбоғи борлар аллақачон қилар ишни қилиб бўлишади. Табиатни
алдаб бўлмайди, нафсиламрини айтганда, ёғ қатламлари эркакларга
қараганда аёлларга зарурроқ экан. Шундай экан, қоринни қаппайтириб силаб
ўтирган эркакни кўрсангиз, унга ҳавасингиз келмасин, бундай «авторитет»
унга умуман керак эмас.
|