Агарда у яна битта жаҳон чемпионатида
ғолибликни қўлга кирита олганида, афсонавий ватандоши Пелега етиб олган
бўларди. Агарда Бразилия терма жамоасининг эндиликда собиқ бош
мураббийига айланган Дунга уни ЖАР майдонларида кечган жаҳон
чемпионатига олиб кетганида, балким мана шу кўрсаткични ҳам забт этган
бўлармиди.
Балким барибир бразиллар нимчорак финалдан сўнг
уйларига равона бўлган бўлармидилар. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам,
бразилиялик феномен мундиалларда урган голлари сонини яна ҳам кўпайтириб
олиши аниқ эди. Ҳа, нима қилибди, ўша чемпионатга борса ҳам бўларди.
Нима бўлган тақдирда ҳам, у ерда бу футболчи ҳеч бўлмаганда корейсларга
гол урган бўларди. Жароҳати йўқ, ўйини аввалгидек бўлмаса-да, ҳар ҳолда
келишиб турибди, гол урса, ураверарди-да. Ана ўшанда унинг рекордига
эришишнинг ўзи реалликдан узоқ воқеликка айланармиди. Лекин бразилиялик
даҳо учун мундиалда яна бир бор қатнашиш орзу бўлиб қолган бўлса-да,
жаҳон чемпионатида бу қадар кўп гол уриш борасида унга ҳатто Пеленинг
ўзи ҳам ҳавас қилади.
Роналдо. Айни вақтда бу номни эшитган
заҳоти, ёш мухлислар кўз олдига португалиялик футболчи келади. Аммо
футбол томоша қилишда улардан бир-иккита кўйлак кўпроқ йиртганлар учун
Луис Назарио де Лимадан бошқа инсонни Роналдо деб аташнинг ўзи ғалати
туюлади. Ҳеч ҳам қулоқ ўргана олмайди, кўникиш қийин бўлади. Аммо
жароҳатлар сабабли бу футболчи анча олдинроқ ўз ўрнини бошқаларга
бўшатиб беришга мажбур бўлди.
«Сўйлоқ» биринчи марта оғир
жароҳат олганида эндигина 22 ёшга тўлган эди. Ўша вақтда у икки йилни
касалхонада ўтказиб юборишга мажбур бўлганди. «Интер» футболчисининг
даволаниш жараёнини бутун дунё нафасини ичига ютиб кузатганди. Ҳатто
Бразилия давлати президентининг шахсан ўзи бу воқеалардан четда қолиб
кетмади ва Роналдонинг ЖЧ-2002да қатнашиш имкониятларидан бохабар бўлиб
турди. Бунга қадар, 1998 йилда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг финал
учрашувида Роналдо тўсатдан, ўта шубҳали тарзда касал бўлиб қолган ва
натижада ўша ўйин бой берилган эди. Гарчанд, финал ўйинида бразиллар
мусобақа мезбони Франция терма жамоасига 3:0 ҳисобида мағлубиятга
учраган бўлсалар-да, бу ҳолат «сўйлоқ»–нинг энг яхши футболчи деб
топилишига халал бера олмаган эди. Аммо жамоанг ғалабага эриша олмагач,
бундай совринлар татирмиди?..
Орадан тўрт йил вақт ўтгач, Луис
Назарио де Лима Япония ва Корея яшил майдонларида кечган жаҳон
чемпионатига ўша аламларини олиш учун ташриф буюрди. Бунга қадар у икки
йил вақтини даволаниш учун ўтказган эди. Аммо яқиндагина тўшакдан туриб
келгани ҳам кўзига кўринмай қолади. Зеро, бунга қадар қатнашган иккита
мундиалида кутилганидек ўйнай олмаганди. 1994 йилда Роналдони мундиалга
олиб борган бўлсалар-да, ёш бўлгани сабабли асосий таркибга қўймаган
эдилар. 1998 йилда нима бўлганини ўзингиз ҳам яхши биласиз ва биз ҳам
яна бир бор эслатиб ўтишга улгурдик. 2002 йилги мундиал эса фақатгина
бугунги қаҳрамонимизга аталиши керак эди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин
эмасди. Бўлмади ҳам. Ўша йили Роналдо турнирнинг энг яхши футболчиси ва
тўпурари бўлди. Бразилия терма жамоаси эса бешинчи марта жаҳон
чемпионлигини қўлга киритди.
Феноменнинг иккинчи марта футболдан
кетиши қандай бўлганини ҳам яхши эсласангиз керак. У вақтда футболчи
Мадриднинг «Реал» клуби аъзоси ҳисобланарди ва «Қироллик клуби»нинг
ишлари шундоғам яхши кетмаётган эди. Бундай вақтларда одатда ҳар доим
айб–дорлар қидирилади ва уларга лой чаплаш билан қолганларнинг айбини
хаспўшлаш зарурияти туғилади. Феномен билан ҳам худди шундай ҳолат бўлиб
ўтди. Бразилиялик ҳужумчининг мадридликлар сафини тарк этишини жамоага
Фабио Капеллонинг бош мураббий этиб та–йинлангани янада тезлаштириб
юборди. Қатъий интизомни ҳуш кўрадиган ва футболчиларнинг кичиккина
эркалигини ҳам кўтара олмайдиган мураббий учун Роналдога ўхшаган
футболчилар ҳақиқий фожеа ҳисобланарди. Шу тариқа Роналдо ортиқча
афсусланишларсиз жамоани тарк этди. Кейинчалик, Мадридда қолганларнинг
ўзлари унинг кетишига йўл қўйиб берганлари учун надомат чекадилар. Аммо
қачон «Қироллик клуби»да бундай воқеа бўлмай қолган? Бу ерга келадиган
деярли ҳар бир юлдузнинг қисматига шундай кунлар битилган-ку.
Роналдонинг Мадрид учун қай даражада муҳим футболчи бўлганини эса
қуйидаги статистикадан ҳам билиб олсангиз бўлади. 177 учрашувда, 104 та
гол. Аммо «Реал» учун бу ҳам кам эди. Камлигича қолди.
Шундан сўнг Роналдонинг «Милан»да кечган
қисқагина фаолияти бошланди. Аслида кўплаб футбол мухлислари орасида
феноменнинг Миландаги ишлари у қадар яхши кечмаган деган тушунча юради.
Биз бўлсак, уларнинг фикрларига қарши ўлароқ, яна статистик маълумотни
келтирамиз. 20та ўйинда 9 та гол. Ҳозирги ҳужумчилар бундай
сермаҳсулликка фақатгина ҳавас қилсалар бўлади. Баҳодир Насимовдан
бошқаси, албатта...
Майли. Роналдога ўхшаган футболчилар ҳар
доим ҳам керак бўлиб келганлар. Ҳеч бўлмаса, ўз ватанида. Роналдо ҳам
ўзининг қадрдон «Коринтианс»ига қайтиб кетади. Бу ерда иқтидорли ҳужумчи
иккита мусобақада ғолибликни қўлга киритади: Паулиста лигаси
чемпионлиги ва Миллат кубоги ғолиблиги феноменнинг хазинасидан ўрин
олади. Умумий ҳисобда «сўйлоқ» ватанига қайтиб келгач, айни вақтга қадар
55 та расмий учрашув ўтказди ва уларда 30 марта рақиблар дарвозасини
ишғол қилди. Шу билан феноменнинг ўтказган расмий учрашувлари сони 616
тага етди, урган голлари сони эса 420 тага. Пеленикидан кам, албатта,
аммо... Пеле қайси чемпионатда ва қандай рақибларга ўз голларини
ургану, Роналдо қаерда гол урди? Буниси ҳам катта мунозараларга сабаб
бўлиши аниқ.
Албатта, бу статистик
маълумотларнинг ҳам ўз ўрни бор, аммо Роналдонинг фусункор, жозибали
ўйинларининг олдида улар нима ҳам бўлар эди! Биз уни бир неча бор энди
футбол ўйнай олмайди, дея кўмиб қўйдик, аммо у йўқлик аро чиқиб
келаверди. Келаверди, келаверди. Ким билади дейсиз, балки биз уни яна
бир бор юқори савияли мусобақаларда кўриб қолармиз. Балким...