Юлдузларнинг энг махфий, яширин, ўзларининг гапи билан айтганда,
суперсири нима эканини биласизми? Гўзаллигини қандай сақлаб қолиши,
дейсизми? Йўқ. Кейинги анжуманга қандай кийимда келишими? Бу эмас. Ўтган
ҳафтада папараццига билдирмай, ким билан учрашганими? Яна
тополмадингиз. Майли, сизни қийнамай, ичингизни қиздирмай, ўзим айтиб
қўя қолай – юлдузларнинг ҳаммадан яширадиган энг катта мегасири...
...фарзандларининг
энагаси ҳисобланади. Суҳбатларда улар ҳақида сўз очилмайди, сураткаш ва
журналистлар ҳам уларни кўришолмайди. Бир ёки бир неча энагани ишга
ёллаш эса етти қават занжир билан ўралган ва ҳар бир қаватига биттадан
қулф осилган эшик ортидаги сирлигича қолади. Машҳур оилалар
фарзандларини боқаётган энагалар ҳам машҳур тарбияланувчилари ҳақида бир
сўз айтишга оғиз жуфтлай олмайдилар. Ахир шартномада ҳам бу қатъий ва
катта сўзлар билан кўрсатиб ўтилган ва ёлланма энагалар ишсиз қолишни
исташмаса, бу қоидани ҳеч қачон бузишмайди. Бунинг сабаби нимада, деб
сўрарсиз?
Celebrities Staffing Services компанияси вакилларининг
гапларига қараганда, кенг омма орасида меҳрибон она образи қатъий
ўрнашиб қолган ва ёлланма энага бу образга умуман мос келмайди.
Эсингизда бўлса, номақбул ҳаракатлари туфайли Майкл Жексон ва Бритни
Спирсни ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилишганди. Бу ҳам аҳоли онгида
оилавий муносабатлар тушунчасининг қатъий ўрнашиб қолганлигидир. Лекин
кинода суратга тушиш ёки қўшиқ куйлаш ва бу билан бир вақтда
фарзандларига зарур диққат-эътибор қаратиш амри маҳол. Суратга олиш
жараёни дунёнинг исталган бурчагида рўй бериши, студияда қўшиқ ёзиш
фаолияти ҳам хонандадан анча-мунча куч-ғайрат ва вақт талаб қилишини кўз
олдингизга келтиринг-а.
Нафсиламрини айтганда, бирорта суперюлдузни
болалари билан бирга кўриб қолсангиз, демак билингки, яқин атрофда
уларнинг кўримсиз энагаси (улар бир неча киши бўлиши ҳам ҳеч гапмас) ҳам
кетаётган бўлади.