Ўзбек эстрадаси олами ўзининг энг эрка ва
ёрқин намояндаларидан биридан жудо бўлганига хаш-паш дегунча мана бир
йилдан ошибди. «Божалар» гуруҳи аъзолари Мўмин Орипов ва Жаҳонгир
Позилжонов, гуруҳ маъмури Жавлон Шодмонов, шунингдек гуруҳга шогирд
тушган Шаҳзод автомобилда келишаётганида автофалокатга учраб,
«божалар»дан бири – Мўмин ҳаётдан кўз юмган кун кўпларнинг хотирасида
сақланиб қолган бўлса ажабмас.
Бу дунё – ўткинчи дунё, унга ҳеч ким абадий
келмаган, дейишади қариялар. Ҳар бир инсоннинг тақдири пешонасига
битилган бўлиб, ундан ҳеч қаёққа қочиб қутулиб бўлмайди. Лекин
ҳаётимизнинг бир қисмига айланган, деярли ҳар куни ойнаи жаҳон орқали
учрашиб туриб, қалбимизга ўрнашиб қолишга улгурган одамлар билан бу
даражада эрта видолашиш оғир ботаркан кишига.
«Божалар» гуруҳи кўпчиликнинг оиласи аъзосига
айланди, десак муболаға бўлади, аммо унинг деярли ҳар қадамини кузатиб
юрган, қўшиқларидан баҳра олган, фильмлардаги образларини томоша қилиб,
кулгудан ўзини тутиб туролмаган одамлар талайгина топилади. Шунинг учун
ҳам бундай юлдузларни кўпчилик ўзига яқин олади, худди таниш кишисидек
қабул қилади. Бундай одамлар ҳаёт билан видолашганда эса турмуш
тарзимизнинг бир қимидан маҳрум бўлгандек сезамиз ўзимизни.
Орипов Мўмин Маҳмуд ўғли 1984 йил 15 мартда Тошкент
шаҳрида туғилди. Мактабдан кейин Театршунослик институтига ўқишга кирди
ва бу ерда Жаҳон Позилжонов билан танишди. Аввалига икки дўст ҳажвия
йўлини танлашди ва пародия йўналишида маромига етказиб фаолият юритишди.
Фильмлар ва клиплар орқали кўриниб турибдики, икковлон ҳазил деганда
чўнтак кавлаб, бошини қашиб туришмайди. Ҳазилу кинояни дўндириб
қўйишади. Бироқ вақт ҳаммасини жой-жойига нақдлаб қўйди. Маълум вақтдан
кейин йигитлар «Болалар» гуруҳи сардори Тоҳир Содиқов билан учрашиб
қолишди. Мусиқага ихлоси борлигини кўрган Тоҳир (йигитлар мусиқага
махсус ўқишмаган, аммо гитарада чалишни билишарди) уларни қўшиқ куйлашга
таклиф этди. Аввалига «Болалар» гуруҳининг бир неча қўшиғини қайта
куйлаган янги гуруҳ 2005 йилга келиб ўз қўшиқлари билан чиқа бошлашди.
2006 йилда «Божалар» гуруҳи «Туркистон» саройида илк марта саҳнага
чиқишди. Тез орада йигитларнинг ҳазиломуз «Жийда гуллаганда»,
«Интеллигентний жанони», «Кетар бўлдим», «Анҳор бўйида» қўшиқлари,
сўнгра эса «Бойвачча», «Нортой», «Пахтакор», «Қора чой» каби қўшиқлари
танилиб, кўплаб мухлисларнинг қалбидан ўрин эгаллади.
Бундан ташқари
гуруҳ аъзолари кинода тушишни ҳам бошлаб юборишди. Одамлар улар
иштирокидаги «Бойвачча», «Нортой», «Бойвачча 2: амакиваччалар»,
«Келгинди келин», «Аччиқ ҳаёт» каби фильмларни мароқ билан томоша қилди.
Гуруҳ аъзолари қатор фильмларда иштирок этибгина қолмай, уларга
саундтрек ишлашга ҳам муваффақ бўлишди.
Фожиа рўй берган кунларда
ҳам марҳум (бу сўзни айтиш нақадар оғир) Мўмин Орипов ва Жавлон Шодмонов
режиссёрлигида ишчи номи «Ҳирс» бўлган ва кейинчалик «Қалбаки дунё»
номи билан экранларга чиқарилган фильмнинг суратга олиш ишлари
якунланаётганди. Унда Мўмин билан Нигора Исмоилова (Ойбек ва Нигора
дуэти аъзоси) бош қаҳрамонлар образларини яратишаётганди. Кам сонли
саҳналарни суратга тушириш қолганди, холос. Бундан ташқари икки бош
қаҳрамонни ижро этаётган юлдузлар дуэт бўлиб фильмга саундтрек ишлашга
тайёргарлик кўришаётганди. Маълумотларга қараганда, сценарийнинг бир
нусҳаси бўйича фильм охирида Мўмин ижро этаётган қаҳрамон ҳалок бўлиши
назарда тутилган экан...
Мўмин Орипов «Тарона-2006» тақдимотида «Йилнинг энг
яхши гуруҳи» номинациясини олган. Уйланган, Камола исмли рафиқаси ва
Билол исмли ўғилчаси бор. Сайтимиз истеъдодли санъаткор ва ажойиб инсон -
Мўмин Орипов хотирасини яна бир бор ёд олиб, жойлари жаннатда бўлишини
тилаб қолади.