Каниза
чиройли хонанда. Ўзига яраша ижод қиляпти. Бироқ, бошқалардан умуман
ажралиб туриш мақсадида ёхуд томошабин бир кўрганда ёдида умрбод қолишни
истабми шундай антиқа клиплар яратяптики, ҳайрону лол қоласиз. Аслида
хорижлик хонанда Леди Гага ҳам ёқимтой аёл. Бошида ажойиб клиплар
яратаётган эди, сўнгги пайтда антиқалашиб кетди. Бир клипида
чиғаноқсимон ҳолатда, яна бир клипида бошига телефон аппаратини
жойлаштириб чиққан эди, куни кеча тақдимотда мол гўштидан либос, бош ва
оёқ кийими ҳам кийиб чиқиб ҳаммани "шок”ка туширди. Ҳамма нарсанинг ўз
меъёри бўлгани маъқул. Хорижликларга тақлидни бас қилиш керак. Ахир,
бизнинг ўз андозаларимиз бор. "Ҳис эт” деган клипни ҳозир томоша
қилдим-у, қўлимга қалам олишга мажбур бўлдим. Тўғри, клип ҳақида
мулоҳаза билдирган Достон Убайдуллаев кўп камчиликларни айтишга ё
истиҳола қилди ё ТВда "қайчилашган”. У бир танқидий фикрни жуда жўяли
билдирди: клипда бир неча сонияга хонанданинг оёқ кийимини кўрсатишга не
ҳожат? Қолган фикрларни ўзимиз билдирамиз. Қўшиқ матнида на қофия бор,
на мазмун...Майли, сўнгги пайтда қофия ва мазмун ҳақида кўплаб таниқли
хонандаларимиз ҳам унутиб қўйганига анча бўлган. Клипдаги тасвирларни
кўрган томошабинлар хаёли қаёққа кетади? Хонанда стол устида, унинг
тепасида ўнлар ўткир тиғли пичоқлар... Алар остида минг нозу карашма
билан Каниза лақмаланади. Бошига оқ ясама соч кийиб олиб, мушукнинг
мўйловидай узун киприкларини кўз- кўз қилади, у. Кейин муз парчаси
орқасидан, ундан сўнг устига қора мойсимон бўёқни елкаларига қуйиб, "Ҳис
эт” дея хониш қилади. Нимани ҳис этиш керак, қандай қилиб? Таъбир жоиз
бўлса, "Баркамол авлод йили”да, ёш ҳофиза бундай қўшиғи ва клипи орқали
ёшларга нима демоқчи? Замонавийликдан ортда қоляпсиз, демоқчи бўлсангиз,
кечирасиз-у, буни замонавий клип дея бошқага мақтана кўрманг, дунёнинг
шаҳвониятга тўла бўлар-бўлмас клипларга тақлид дея кулгуга ҳам қоласиз.
Бундай қўшиқ куйлаб, хонодонлардаги зангори экранга кўзи тушиб қолган
ота- оналар нафратига учраганингиздан кўра, ҳеч бўлмаса оммага бундай
клипларни тақдим этмаганингизда кўпроқ ҳурматга сазавор бўлармидингиз?
Одатда рейтинг кўтариш ва қизиқиш орттириш учун айрим хонандалар
клиплари орқали кўплар тажрибаларни синаб кўришяпти. Йўқ, аксинча. Бу
ҳолатлар рейтинг кўтариш ўрнига, бор обрўни ҳам бир чақа қилиб қўяди.
Ҳозирги пайтда рақсга тушсанг ҳам, ўйлаб рақсга тушмоқ керак. Томошабин
диди ва савияси ялтироқ ва олтинни жуда фарқига етадиган бўлган. ТВда
тинмай шу янглиғ клипларни мақташдан олдин, тажрибали, салоҳиятли
ижодкорлар ёшларга клип яратилгунига қадар маслаҳат беришса, мақсадга
мувофиқ бўлармиди?!
|