Шохрух Хон деб ўйласангиз, адашасиз!
"3 савдойи” IIFAда 12 та ҳайкалчани қўлга киритди.
Яқинда бўлиб ўтган Халқаро Ҳинд Фильмлари Тақдимоти (IIFA) да «3 савдойи» фильми 12 та ҳайкалчани қўлга киритди. Фильмда бош ролларни Амир Хон ва Карина Капур ижро этган. Ушбу рол Капурлар сулоласининг энг эркатойига "Йилнинг энг яхши актрисаси” эътирофини туҳфа этди. Амир Хон эса "Йилнинг энг яхши актёри” бўлди. Энг қизиғи, "3 савдойи”да аслида бош ролни Шохрух Хон талқин этиши керак эди. "Қирол Хон” негадир режиссёрнинг таклифини рад этди. "Харобадан чиққан миллионер”да эса Анил Капур талқин этган ролни ҳам Шохрух Хон рад этганини инобатга олсак, Шохрух иккита энг омадли лойиҳадан воз кечган. Балки, Шохрух ушбу фильмлар келажагини бу қадар ёрқин бўлишини олдиндан тасаввур қила олмагандир? Буёғини сўрасангиз, қисмат-да! Ҳиндистон сафаримиз чоғида кўплаб Болливуд ижодкорлари ҳақида, уларнинг рейтинги билан қизиқдик. Сўровномалар натижаси эса, биздаги қарашлар билан мутлақо тескари чиқди. Яъни, Ҳиндистонда Хонлар орасида энг обрўли ва севимли актёр биз ўйлаганчалик Шохурх Хон эмас, аксинча, Амир Хон экан. Амирнинг бу ютуғини ҳинд халқининг ижтимоий танг аҳволдаги қатламлари учун ғамхўрлиги ва кўплаб мурувват лойиҳаларида беғараз иштирок этиши билан боғлашди. Албатта, юзидаги илиқ табассуми ва ҳақиқий мусулмонча муомаласига юксак таърифлар беришди. Шу боисдан Амир Хон суратга тушган фильмларни кенг омма мириқиб ва ўзгача меҳр билан томоша қилишади. Биз севган Рани Мукхержи ва Прити Зинта эса ҳинд диёрида шунчаки машҳур қиёфалар сифатида эътиборда эканлиги, Карина Капур ва Приянка Чопра эса ҳақиқий мега юлдуз сифатида қадрланишини айтишди. Гонорар борасида тўхталсак, айни дамда Болливудда биринчи рақамли қиммат актёр Акшай Кумар! Унинг битта фильмда суратга тушиш учун гонорар ҳақи 3 миллион доллар (Ундан кейинги ўринда Шохрух Хон – 2 млн. доллар)! Каран Жоҳар ва Шохрух Хоннинг ҳамкорликдаги "Менинг исмим Хон”и эса мамлакатда у қадар катта қизиқиш билан қарши олинмагани ҳақида айтишди, ҳатто фильм ҳақида бирон маълумот билмайдиган ҳиндлар ҳам топилди...Ана шунақа гаплар! Дарвоқе, IIFAнинг келгуси йилги тақдимоти илк бора океан ортида, Канадада бўлиб ўтишига Ҳинд фильмлари Академияси раҳбари Амитабх Баччан розилик берди.