Ўзбекистон миллий терма жамоаси
бош мураббийи Вадим Абрамовни биринчи бўлгани билан табрикласак арзийди.
Терма жамоамиз устози бўлажак рақиби, ёки бошқача айтадиган бўлсак,
албаниялик ҳамкасбидан аввал Албания – Ўзбекистон учрашувида майдонга
тушиши мумкин бўлган футболчилар номини эълон қилишга улгурди. Бошқа
натижаларимиз билан ҳавас қила олмаганимиз учун, мана шу жойига ҳам
хурсанд бўлсак бўлади. Абрамов — қизиқарли мураббий. Мен, биринчи
бўлимнинг ярмига етмасдан ўйинчи алмаштирадиган мураббийни шу вақтгача
бошқа кўрганим йўқ. Шунинг учун Абрамовнинг таркиб борасидаги
қарашларидан ҳайрон қолмайман.
Келинг, тузилиши жиҳатдан
бир-бирига жуда ҳам ўхшаб кетадиган бошқа «маиший” саволларга
тўхталишдан аввал иккита саволга жавоб излаб кўрайлик. Биринчиси оддий —
мақсадимиз нима: Лондон-2012 Олимпиадасими ёки Бразилиядаги 2014 йилги
мундиал? Нуфузи мусобақадан мусобақага тушиб бораётган Олимпиада футбол
мусобақаларини бош мақсад қилиб белгиланишини, ким қандай қабул қилади
билмадиму, мен тўғри тушуна олмайман. Агар ҳеч ким буни тўғри қабул қила
олмаса, келинг — мен олимпия терма жамоасидан воз кечиб қўя қолайлик
деётганим йўқ — Бразилия-2014 учун жиддий ҳаракат қилайлик. Терма
жамоани ҳозирдан шакллантирайлик ўша мусобақа учун. «Вой, миллий терма
жамоа Албания билан ўйнайдиган куни олимпиячиларимизнинг Англия билан
ўйинимиз бор эди», деб туришлик, менимча тўғри эмас. Аслида терма
жамоаларимизнинг рақиблари аксинча кўриниш олганида жуда ҳам ажойиб иш
бўларди. Шуни ўйладиму, агар шундай бўлган тақдирда, Шерзод Каримов,
Фозил Мусаев, Суннатилла Мамадалиев ва олимпия терма жамоасининг бошқа
етакчилари Албанияга қарши ўйинга тайёргарлик кўришармиди ёки Англияга
қаршими, деб ўйлаб қолдим. Менимча, биз асосий мақсад қилиб ЖЧ-2014ни
белгилаганимиз маъқул. Бу йўлда миллий терма жамоанинг шаклланишида
муҳим элементга айланиши мумкин бўлган олимпиячиларни миллий терма
жамоага жалб этиш керак деб ўйлайман. Чунки миллий терма жамоамиз ҳар
куни ҳам ўртоқлик учрашувида майдонга тушавермайди. Миллий терма жамоа
бирон бир мусобақада муваффақиятсизликка учраганидан кейин айб яхши
ташкиллаштирилган ўртоқлик ўйинлари ва ўша ўйинларда шакллантириб
улгурилмаган терма жамоага ағдарилади, одатда. Хуллас, савол ўша-ўша —
мақсадимиз нима: Лондон-2012 Олимпиадасими ёки Бразилиядаги 2014 йилги
мундиал?
Энди яна бир жуда ҳам оддий, оғизнинг бир чеккасидан
қийналмайгина чиқиб кетадиган савол — мақсадимиз нима: Қатарда бўлажак
Осиё Кубогими ёки Бразилиядаги 2014 йилги мундиал? Аввалгисига
ўхшайди-а? Гап ўхшашликда эмас, мақсадда. Агар Қатардаги мусобақа асосий
мақсад бўлса, олимпиячиларга бемалол эркинлик бериб, сўнгги бир-икки
йилдан бери мунтазам бирга ўйнаб келаётган, айни вақтда яхши ўйин
кўрсатаётган, лекин ЖЧ-2014га бориб 34, 35, 36, 37га кириб қоладиган
футболчилар билан ҳам шуғулланаверса бўлади. Айнан ўшанақа футболчиларни
саноқли ўртоқлик учрашувларига жалб қилиб, Осиё Кубогида Абрамов ўзи
орзу қилган чўққиларни забт этиши мумкин. Бироқ мақсад ЖЧ-2014 финал
босқичига чиқиш бўлса, унда бошқачароқ йўл тутиш керак бўлади.
Қариялардан воз кечиш керак, олимпиячиларни эса терма жамоага мунтазам
жалб қилиш керак. Керак бўлса ёшларни ҳам. Лекин савол ўша-ўшалигича
қолаверади — мақсадимиз нима: Қатарда бўлажак Осиё Кубогими ёки
Бразилиядаги 2014 йилги мундиал?
Энди Албанияга қарши майдонга
тушиши мумкин бўлган футболчилар рўйхатига назар ташлаймиз. Умуман,
бугунги кунда терма жамоамиз таркибини биргина Абрамов аниқламайди,
унинг катта-катта ёрдамчилари бор, камида иккита. Бирининг фамилияси
Акрамов, иккинчиси Толибжонов. Ёки аксинча: биринчисиники Толибжонов,
иккинчиси Акрамов. Умуман олганда ким биринчи эканлигининг кўп ҳам фарқи
йўқ. Бу икки шахс жаноб Абрамовга таркиб борасида кўрсатма беришмаса
ҳам, тавсия бериб туришади (деб ўйлайман). Ҳар ҳолда ўзлари шунақа
дейишганди. Шундан келиб чиқиб, Азиз Ашуров кўп йиллар давомида Абрамов
қўл остида дарвоза қўриқлагани учунгина Албанияга қарши ўртоқлик
учрашувига жалб этилган десак, менимча, унча тўғри бўлмайди. Нима
бўлганда ҳам ўртоқ Абрамов Олий Лиганинг ўртамиёна жамоаларига қарши
ўйинларда тўртта ёки бешта гол ўтказиши билан ном чиқарган дарвозабонни
терма жамоага таклиф қилиш олдидан Акрамов ва Толибжоновлар билан
маслаҳатлашган бўлиши керак. Санжар Қувватовни таклиф қилиб бўлмасди,
чунки у 2012 йилда Лондон Олимпиадасига бориши керак бўлган терма жамоа
аъзоси. Наумов «Насаф” асосий таркибидаги ўрнини Зуҳуровга бериб қўйган.
Айтганча, Зуҳуровни таклиф қилса бўлмасдими? Бир вақтлар Қосимов
Муҳиддин Ҳудоёров исмли дарвозабонни терма жамоага жалб қилганди.
Ўринбосарлар орасида қидирадиган бўлсак, Элдор Тожибоев ҳам чакки эмас.
«Пахтакор” ўринбосарларига эътибор қаратиб ўтирибман: Эркин Жабборов
иккинчи давранинг дастлабки икки учрашувида биронта тўп ўтказиб юбормади
ва бир марта пенальтини бартараф этишга ҳам муваффақ бўлди. Қарасам,
Ашуров ўрнига муносиб номзодлар етарли экан. Лекин Ашуров терма жамоага
жавобгар бўлган шахслар томонидан таклиф қилинган. Ким билади, балки
Албанияга қарши 0:5 ҳисобида имкониятни бой берсак...
Мен энди
фақат савол бераман. Нега Максим Шацких йўқ? Нега Виталий Денисов йўқ?
Нега Марат Бикмаев йўқ? Нега Владимир Шишелов йўқ? Нега Улуғбек Бақоев
йўқ? Нега Ислом Иномов йўқ? Нега Азиз Ибрагимов йўқ? Нега Асқар
Жадигеров йўқ? Нега Сервер Жепаров ва Жасур Ҳасанов йўқ? Нега Шаҳбоз
Эркинов йўқ? Нега Лутфулла Тўраев йўқ? Нега Вагиз Галиулин охир-оқибат
жалб этилмади? Нега Азиз Ҳайдаров таркибдан тушиб қолди? Нега... "Фалон
ўйинчи янги жамоага ўтган...”, "Фалон ўйинчининг клубини муҳим ўйинлар
кутиб турибди...” каби жавобларингиз жавоб эмас тўғриси...
Хуллас-чи,
мақсадни аниқ қилиш керак. Ё Осиё Кубоги, ё Олимпиада, ёки Жаҳон
чемпионати. Ҳозирги аҳволимизда бирданига учтасига кучимиз етмаслигини
ҳаммамиз биламиз. Ёки-чи, бошқа йўли ҳам бор: ширин орзуларни сақлаб
туриш учун Швейцария банкига топшириб, ички чемпионатимизни, футбол
клубларимизни, футбол академияларимизни, мамлакатимиз болалар ва ёшлар
футболини ислоҳ қилишни мақсад қилишимиз керак. Ҳалоллик билан, чин
кўнгилдан қилинадиган бир ислоҳотга киришишимиз керак. Швейцария банкига
шубҳа қилмаса ҳам бўлади — 2030 йилларгача улар бизнинг ширин
орзуларимизни қойилмақом қилиб сақлаб беришади. Ичимиздан кучли бўлиб
олсак, терма жамоа ўз-ўзидан кучли бўлаверади ўшанда. Ана ўшанда биз
бирданига учта мусобақада юқори натижалар учун даъвогар бўла оламиз,
хадикда бўлмаймиз. Ана ўшанда миллий терма жамоамиз бош мураббийлари
майдонда кўрсатаётган натижалари билан ҳақли равишда биринчи бўлишади,
таркибни биринчи бўлиб эълон қилишгани учун эмас...