Ойнаи жаҳон орқали намойиш этилаётган «Жассига ўхшаши йўқ» ҳинд
сериалидаги кўримсиз қиз деярли ҳар бир оилага кириб келди, десак
муболаға бўлмас. Аслида сериалнинг русча талқинини ҳам кўпчилик кўриб
улгурган ва унда рўй берадиган воқеалар билан олдиндан таниш. Лекин ҳинд
ижодкорлари ишқий саргузаштларни ўзига хос равишда намойиш этишга
қодирлигини билган одамлар янги сериални ҳам қизиқиш билан кутишди.
Ҳиндистон кино усталари бу сафар ҳам мухлисларининг умидларини пучга
чиқармади. Воқеага ҳинд урф-одатлари ва, энг муҳими, оилавий муҳитини
қойилмақом тарзда сингдира олган сериал ижодкорлари келишган йигитнинг
хунуккина котибасига нисбатан ҳис этган турфа туйғуларини ёрқин
саҳналарда кўрсата олишди. Иркит ўрдакчанинг чиройли оққушга айланишидан
хабардор бўлган кўпчилик одамлар тишига сим, кўзига ярашмаган кўзойнак
тақиб олган бу қиз ҳақиқатан ҳам гўзал қизга айланиши мумкинлигига аввал
ишонишмаган бўлишса ҳам ажабмас. Зеро, камина ҳам бошланғич серияларини
кўрганида, кейинчалик гўзал «оққуш» ролини бошқа актриса ижро этса
керак, деб ҳисоблаган. Тўғри-да, сўнгги серияларда бизга қараб турган
соҳибжамолни кўриб, аввалги Жассини ҳам шу аёл ўйнаганига ишониш жуда
мушкул. Бош ролни ижро этган Мона Сингх мазкур сериал орқали нафақат
Жассининг қиёфасида, балки ўз ҳаётида ҳам туб ўзгариш ясади.
Мона
1980 йил 8 октябрда Мумбайда таваллуд топди. Опаси Янги Зеландияда
истиқомат қилади. Турмушга чиқмаган, бироқ Каран Оберой билан бирга
яшайди.
Мона ёшлигидан актриса бўлишни орзу қилди. Оиласи олдида
турли фильмлар ва сериаллардан саҳналар ижро қиларди. Ўша пайт бир
кунмас бир кун бу унинг ҳақиқатан ҳам сериалда бош ролни ижро этишига
олиб келишини ким билибди, дейсиз.
Мона Сингхнинг сериал оламига
кириб келишида тасодиф, аниқроғи, омаднинг киприклари остидан бир қараб
қўйгани катта роль ўйнади. Кимдир унга Дея Сингхнинг телефон рақамини
берди ва у қўнғироқ қилиб учрашув белгилади. Бу воқеанинг ажабланарли
томони шуки, Дея билан унинг офисида учрашганида Мона қоқилиб йиқилиб
тушган. Бундан кейин у ҳар қандай имкониятдан маҳрум бўлгани ва барча
студиялар унинг олдида эшикларини ёпиб қўйишига шубҳа қилмасди. Шунинг
учун бир ойлардан кейин синовга таклиф қилишганида қулоқларига ишонмади.
Ҳаётда ҳам шундай бўлиши мумкинми? Аслида мумкин экан. Буниси ҳам
етмагандек, икки марта синовли тинглашда иштирок этиб, Жасси ролига
тасдиқланди.
Мона актёрлик маҳоратини оширадиган ҳеч қандай
муассасада таълим олмаганига қарамай, бу ролни ижро қилишда барча
қобилиятларини ишга солди ва ҳар бир оилага кириб боришга муваффақ
бўлди. Одамлар орасида танилишида, албатта, сериалдаги ролларини
қойилмақом қилиб бажарган бошқа ҳамкасбларининг аҳамияти ҳам беқиёс.
Чунки улар ўз ишларига совуққонлик билан қараганида бу сериалнинг
танилиши қийин кечарди. Лекин сериалда айнан Жасси ҳис-туйғуларининг
кўплаб қирраларини очиб бериш талаб этилди ва Мона бунинг уддасидан
чиққанидан жуда бахтиёр. Сингх ўз ролига масъулият билан ёндашгани,
Жасси образини яратишда бор маҳоратини ишга солгани сериал
муваффақиятини анча оширди.
2006 йилда машҳур одамлар рақсга
тушадиган Jhhalak Dikhhlaja томошасида иштирок этиб, бу сафар ҳам
бошқалардан ажралиб туришга эришди ва ғолиблик тожини тақди. Ўша йили
ноябрь ойида СПИДга қарши тадбирда кўринди, сўнгра кўплаб машҳур
актёрлар билан биргаликда бутун дунё бўйлаб саёҳатга чиқди ва байрамона
саналардаги томошаларда қатнашди. 2007 йилда машҳур Sony Television
компанияси у билан вакиллик шартномасини имзолади. Мона Сингх шунингдек
Хан Сажод билан биргаликда «Ҳиндистон гўзали-2007» танловини бошқарган.
Энди
Мона катта фильмларда роль ижро этиш иштиёқида. Унинг мухлислари ҳам
актрисанинг янги чўққиларни забт этишига ишониб, катта экранлар орқали
унинг маҳоратидан баҳраманд бўлишдан умидвор.