АҚШдаги Сан-Франциско шаҳри фуқароси Тимоти Браун ОИТС инфекциясидан тузалган илк одам бўлди. 1996 йилда Браунда ОИТС инфекцияси аниқланиб, кейинчалик унда лейкемия (оққон касаллиги) ҳам борлиги кузатилганди. 2007 йилда Берлин клиникаларининг бирида, суяк кўмиги ўтказиш бўйича ноёб операция амалга оширилган. Қизиғи, донорда антиқа генетик мутация (бузилиш, ўзгариш) туфайли, у ОИТС инфекциясини юқтирмайди. Операциядан бир йил ўтгач, беморнинг қонида ОИТС вируси ва лейкемия излари умуман топилмади. Шифокорлар Тимотини кузатишни давом этишди ва 2011 йилда унга соғлом ташхисини қўйишди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ОИТС инфекциясини юқтирмаслик хусусияти оқ танлиларнинг атиги бир фоизидагина кузатилади. Шу билан бирга, улар яқин келажакда ОИТСни даволашда бу усулдан фойдаланишга умид боғлаш бекорлигини айтишмоқда. Бу ноёб ҳолат, холос. Калифорния университети профессори, ОИТС тадқиқоти маркази директори Пол Волдбердинг бунга шундай изоҳ беради: "Суяк кўмиги ўтказиш операцияси жуда хавфли ва қиммат жараён. Нимадир Брауннинг танасини вирусдан тозалаган. Бироқ у нималиги бизга номаълум”. Бугунги кунда дунёда 40 миллиондан ортиқ киши ОИТС билан касалланган. Уларнинг, ҳатто бир фоизига ҳам суяк кўмиги ўтказишнинг имкони йўқ. Бу, авваламбор, операциянинг хавфлилиги, қимматлиги ҳамда донор топиш мушкуллиги билан боғлиқ.
|