Томирида
шаддод испан қони оқадиган Пенелопа бирмунча вақт аввал Том Круз билан
учрашиб юрарди. Айнан Том собиқ рафиқаси Николь Кидман билан
ажрашганидан кейин. Лекин унга турмушга чиқмаган, шундай экан унинг
фамилиясини олмаган. Аслини олганда ўзи Том билан танишмасидан олдин ҳам
фамилияси Крус эди, шунинг учун Том Крузнинг Пенелопа фамилиясига ҳеч
қандай даҳли йўқ.
Бироқ бу сафар у ҳақиқатан ҳам турмушга чиққан
кўринади. Ахир бу хабарни Круснинг вакили ва агенти Аманда Сильверман
Associated Press агентлигига юборган электрон мактубида расман
тасдиқлаган ва машҳур юлдузларнинг тўйи июль ойи бошида бўлиб ўтганини
айтиб ўтган. Машҳур юлдузлар деб аташимнинг боиси шундаки, 36 ёшли
Пенелопа Крус (Penelope Cruz) кўчада дуч келган одам эмас, балки 41 ёшли
испан актёри Хавьер Бардем (Javier Bardem) билан ҳаётини боғлади.
Тўю тантана икковлоннинг дўсти
уйида – Багама оролларида бўлиб ўтди. Сильверманнинг таъкидлашича, Крус
ва Бардем тўйида меҳмон кўп йиғилмади, яқин дўстлари ва қариндошлари
ташриф буюришди, холос. Бундай ҳолларда машҳур келин қандай кўйлакда
бўлгани билан кўпчилик қизиқади. Ҳеч ҳавотир олманг, Пенелопа салондан
ижарага кўйлак олгани йўқ – унинг кўп йиллик дўсти модельер Жон Гальяно
атайлаб тўй учун кўйлак яратди.
Пенелопа Крус ва Хавьер Бардем
Испанияда туғилишган. 2007 йилдан бери учрашиб юришарди, лекин
танишганларига қарийб йигирма йилча бўлган. Айтишларича, улар
муносабатларини расмийлаштиришга кўп ҳам шошилмоқчи эмасди, аммо
актрисанинг қатъий ота-онаси никоҳдан ташқари фарзанд туғилишидан чўчиб,
тўйни тезлаштириб юборишди. Пенелопа ва Хавьер ҳам уларни ташвишга
солмаслик учун рози бўла қолишди. Эҳтимол, ичларида жон-жон деб
туришган, ота-онанинг тезлаштириши эса шунчаки баҳонадир. Нима бўлган
тақдирда ҳам, ҳозирги даврнинг энг машҳур испан актёрлари никоҳдан
ўтишга қарор қилишди.
Бўлажак эр-хотин 2008 йилда режиссёр Вуди
Алленнинг «Вики Кристина Барселона» фильмида биргаликда суратга ҳам
тушишган. Пенелопа Крус бу фильмдаги роли учун «энг яхши иккинчи
даражали актриса» сифатида Оскарга сазовор бўлган. Унинг турмуш ўртоғи
ҳам Америка киноакадемикларининг эътиборидан четда қолмади – 2007 йилда
«Бу ерда кексаларга ўрин йўқ» фильми учун «энг яхши иккинчи даражали
актёр» сифатида олтин ҳайкалчани қўлган киритди.
Биз эса икки
севишганларга бахт тилаб қоламиз, зеро, омад думидан улар аллақачон
тутиб бўлишган.