Роналду фарзандининг онаси – официант
Криштиану Роналду ўғлининг атрофидаги шов-шувлар ҳеч тинчимаяпти.
Бунга машҳур футболчининг ўзи ҳам айбдор. Шахсий ҳаётимга бурнингизни
тиқиб, боламнинг онасини кўп ҳам суриштирманг, деб ҳамманинг ичини
қиздириб юборганини наҳотки тушунмаган бўлса? Спортчи ҳар бир ўзбек
учун таниш бўлган «Ур, тўқмоқ!» эртагининг мағзини билмаган, шекилли.
«Бу нарсани қилмагин», деса ҳар қандай одам, айниқса, «сариқ матбуот»
вакили гапга кирадими? Ўла қолса, кирмайди. Мана энди Криштиану ҳам
«тўқмоқ зарбидан» еган латини даволаш билан овора. «Ўзинг тилингдан
илиндинг, болакай», дейдиган одам топиладими?
Шу кунларда аниқланишича, машҳур футболчининг фарзанди суррогат
онадан эмас, оддий официантдан туғилгани овоза бўлди. Бундай кўргулик
учун атиги бир туннинг ўзи кифоя бўлди. Айтишларича, Криштиану
зурриёдининг онаси билан бир йил аввал танишиб қолган. «Бечора» аёлга
унинг бутун дунё биладиган спортчи экани етти ухлаб тушига ҳам кирмаган
эмиш. Футболчи эса бундан фойдаланиб қолибди. Ҳомиладор экани маълум
бўлгач, унга спортчининг пиар-агенти мурожаат қилибди. ДНК орқали
текширув Роналдунинг оталигини тасдиқлагач, Португалия терма жамоаси
сардори уни ўғил қилиб олибди ва официантга жим юриши учун мўмайгина
пул берибди. Тўлаган пули ўзини оқламабди, деганлар адашади, чунки шу
пайтгача ҳеч ким танимайдиган «машҳур официант» исмини ҳеч бир табло
айта олмади. Аммо ҳаммамиз биламизки, бу ҳам вақтинча. Тез орада
ҳаммаси ойдинлашиши тайин.