Бу санъаткор ҳақида ортиқча
таърифнинг кераги йўқ. Унинг табиати тоза, кўнглида ғубори йўқ.
"Ишонмасман”дан бошланган машҳурлик уни том маънода санъатнинг энг юқори
чўққиларига олиб чиқди. Сара клиплар, ўзига хос имиж, муҳими, миллий
куй сеҳридан яралган тароналар бу хонанда номини ўзбек санъатига зарҳал
ҳарфлар ила битди. Сардор Раҳимхон. У шахсий ҳаётида катта қадам ташлаш
арафасида. Муҳими, бу қадамга бахт йўлдош. Шундай онлар арафасида,
бўйдоқлик билан хайрлашиш дақиқалари кун сайин яқинлашаётган дамларда
Раҳимхон билан дилдан суҳбатлашишни жоиз топдик. Сиз ҳам ошно бўлинг!
-Оддий радиоблошловчининг қисқа муддат ичида "Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган артист” унвонига сазовор бўлиши унинг омади чопганими ёки
меҳнатлари самарасими?
-Очиғини айтсам, мен учуни 5 йил катта вақт ва етарлича муддат. Агар
одам яхшилаб меҳнат қилса, интилса беш йилда эмас, 2-3 йилда ҳам шу
унвонга сазовор бўлиши мумкин. Ўйлайманки, биринчи навбатда Аллоҳнинг
қўллаши билан қолаверса, меҳнатларим самараси ҳамда ота-онамнинг
қилаётган дуоларининг ижобати бўлса керак. Инсон ҳавас билан кўкаради,
ҳасад билан эмас. Ҳамиша бир ёқадан бош чиқариб қилинган меҳнат ўз
натижасини беришига иймоним комил. Шу кунгача нималардир қилган бўлсам,
фақат ҳавас қилиб, шунга ҳаракат қилганим учун эришдим.
- Ўзингизга оддий инсонлардек четдан назар солиб, бугунги Сардор Раҳимхоннинг ижодига қандай баҳо берасиз?
-Ҳар доим ўзимнинг ижодимга муҳлис сифатида қараб келганман. Шу кунгача
куйлаган қўшиқларимдан қониқиш ҳосил қилмаганман. Ҳаттоки, хит
даражасига кўтарилган қўшиқларимдан ҳам кўнглим тўлмаган вақтларим
бўлган. Ўзимга танқидий назар билан қарайман. Ижодкор инсон ҳеч қачон
ўзидан қониқиш ҳосил қилиш керак эмас. Ижодкор ўзида катта қониқиш
ҳиссини туйдими, демак билсинки, унда ҳаммаси шу ерда тугади дегани. Бу
уни манманликка, кибрга ва ўзини ҳудо билан яқинлаштиришга олиб келади.
Инсон зоти борки, хато қилади, камчиликларга йўл қўяди. Шунинг учун ҳам
мен ўз ижодимга ҳозирги кунда ҳам юқори баҳо бермайман.
-Нима деб ўйлайсиз, агар Санжар Раҳимов Сардор Раҳимҳон бўлмаганида, ҳозир нималар қила оларди?
-Бу ҳақда кўп бор ўйлаб кўрганман. Тақдиримни бошқа тарафга ўзгариб
кетиши мумкин бўлган жиҳатларини ҳам ўйлаб кўрганман. Эсимни танибманки,
ёшлигимдан олдимга жуда катта мақсадларни қўйиб шуларга етишишга
ҳаракат қилардим. Нимагаки, мен оддий, ўртаҳол оилада ўсиб катта
бўлганман. Ҳар доим қанақадир етишмовчиликлар ва камчиликлар бўлган,
овқатланишимизда, кийинишимизда ҳатто уй-жойимизда. Доимо ён
атрофимдагилардан бир оз пастроқ даражада турардим. Шунинг учун ҳам
ўзимга-ўзим айтардим: "Бир кун келиб, албатта менда ҳам ҳаммаси ўз
ўрнида бўлади, ота-онамни юзини ёруғ қиламан”. Нима қилиб бўлса ҳам
катта инсон бўламан, деб ўз-ўзимга ваъда берардим. Ўзимга ишончим юз
фоиз, чунки мен эркак кишиман, ҳаракат қилсам, барча ўйлаганимни амалга
ошира оламан. Ёшлигимда тиш-тирноғим билан келажагим учун қаттиқ меҳнат
қилиб келаман. Официант бўлиб ишлаганман. Эски кийим-кечак бозорида
майда-чуйда ҳам сотиб юрганман. Деҳқончилик билан ҳам шуғулланиб
кўрганман. Бу каби касбларим жуда ҳам кўп бўлган шу кунгача. Фақатгина
мақсад аниқ ва унга етишиш йўлларини топиш керак бўлди. Эркак киши
умидсизликка тушмаслиги керак.
-Шоу-бизнесдаги муваффақиятларингизнинг сири ташқи кўринишингиздами?
-Йўқ, асло. Бундай деб ўйламайман. Тўғри, ташқи кўриниш шоу-бизнесда
катта аҳамиятга эга. Мен буни инкор этолмайман. Санъаткорлар орасида
келишган ёки "красавчик”ларининг сони кўпчиликни ташкил қилади. Агар
ҳаммаси шунга боғлиқ бўлганида, билмадим нималар бўлиб кетиши мумкин,
шоу-бизнесимизда. Ташқи кўринишим чиройли бўла туриб, агар бир тийинга
қиммат қўшиқни айтсам, бунақаларнинг сони мингта! (ТВга бир боқинг!)
Ташқи кўриниши ҳам, қўшиқлари ҳам зўр бўла туриб, кўчада маишатга
берилиб, ота-онасини норизо қилиб юрса, ҳеч нарсага эриша олмайди.
Санъаткорнинг ҳар бир гап-сўзи, кўчадаги юриш-туриши, одамларга бўлган
муносабати, иймони, инсофи, тўғрисўзлиги, қўшиқларининг сифати умуман,
ҳаммаси яхши бўлса шундагина натижа яхши бўлади. Бугунги кунимизда ҳам
кўп учрайдиган манманлик, одамларга нисбатан бефарқлик, ўйламай гапириш
каби салбий ҳолатлар туфайли ҳам санъаткорларимиз халқ назаридан тушиб
кетаётганини кўряпмиз. Мисол учун , Озодбек Назарбековни ўзим ҳаммага
ўрнак қилиб кўрсатиб, ўзим ҳам ўрнак оламан. Ҳам ижодкорлик томондан,
ҳам инсонийлик тарафлама комил инсон. Ўзимга устоз деб биламан. Бу инсон
ҳар доим ҳаммага бир хил муомалада, қўли кўксида, хеч қачон ширин
сўзини аямайди.
-
Эркак киши ҳаётда асосий икки нарсада адашмаслиги керак, дейишади.
Биринчиси, касб танлашда ва иккинчиси умр йўлдош танлашда. Сиз иккисида
ҳам адашмадим, дея оласизми?
- Касб танлашда аниқ адашмадим, дейишим мумкин. Шу касбимиз орқали
эл-юрт хизматита, халқни назарида юрибмиз. Озми-кўпми жамиятда ўзимни
ўрнимни топдим. Умр йўлдош танлаш борасидаги саволга эса тахминан 2-3
йилдан сўнг аниқ жавоб беришим мумкин. Ҳеч бир инсон уйланиш арафасида
"мен ёмон турмуш ўртоқ танладим”, демайди. Худо ҳоҳласа, турмушим жуда
яхши бўлади. Яхши ният қиламан, ҳар доим. Тўй деган маросим ўз-ўзидан
бўлмайди. Албатта йигитнинг кўнгли қизга тушади, қизники эса йигитга.
Худо ҳоҳласа, мен умр йўлдош танлашда ҳам адашмадим.
-10.10.10. Сиз учун қай даражада аҳамиятли?
-Биринчи навбатда тўйим бўлиб ўтадиган сана. Жуда аҳамиятли сана,
ҳаётимдаги энг қувончли кунларимдан бири. 10.10.10 ни танлашимдан мақсад
аввало, тўйим шу санага тўғри келди. Аслида ўтган йили уйланмоқчи
бўлдим, бироқ қиз топилмагани учун қиз топиш муаммо бўлганилиги сабабли
бу ниятимиз қолиб кетди. Ушбу йилнинг бошида яни март ёки апрел ойларида
ҳам тўй қилсам бўларди, аммо қиз томон ҳали тайёр эмас эди. Мана ёз
ўтди, куз келди...Учта ўндан таркиб топган санага бахт кечам тўғри
келди.
ДАВОМИ БОР!