«Титаник»
фильмига жўшқинли саундтрекни ҳиссиёт билан куйлаган канадалик хонанда
Селин Дион (Celine Dion) яна она бўлиш арафасида, деб хабар берилади сайтда.
Эсингиздами, ўша
пайтлари "My Heart Will Go On" хити янграмаган жой қолмаганди.
Кейинчалик Селин ўн йилликнинг энг даромадли артисти деб тан олинди.
Мана энди 42 ёшли хушовоз ва унинг 68 ёшли турмуш ўртоғи ва менежери
Рене Анджелиль (Rene Angelil) жорий йил ноябрь ойида фарзанд йиғисини
кутишмоқда. Тағин бир эмас, эгизак ўғиллар қўшалоқ овозда йиғлайди,
дейишмоқда хонандани кузатган шифокорлар.
Йил бошида Канаданинг Ванкувер шаҳрида бўлиб ўтган қишки Олимпиада
ўйинларининг очилиш маросимида машҳур қўшиқчи куйлаб бериши
режалаштирилганди, лекин у ҳомиладор бўлиш учун даволанаётгани туфайли
бу таклифни рад этишга мажбур бўлди. Эслатиб ўтамиз, Селин ва унинг эри
Рене Анджелилнинг умумий фарзанди бор - Рене-Шарль исмли ўғиллари 9 ёшни
қаршилади. Унинг туғилишидан аввал ҳам Дион узоқ муддат даволаниб
чиққанди.
Шуни
ҳам айтиш жоизки, Рене Анжелиль томоқ саратони билан касалланган ва
жарроҳлик операциясини бошидан кечирган, химиотерапия курсини ҳам олишга
улгурган. Бундай даволаниш оқибатида унинг саломатлиги тикланди, лекин у
ота бўлиш қобилиятидан маҳрум бўлди. Энди Селин ҳомиладор бўлиши учун
Рененинг саратон билан касалланишидан аввалги таҳлиллари талаб қилинди.
Омадни қарангки, хонанда биринчи марта ҳомиладор бўлган шифохонада айнан
шундай материал сақланиб қолган экан. Мана энди улар ҳам зарур бўлди.
«Мен
ҳар доим кўп болали бўлишни орзу қилардим, - дейди Селин. – Мен 13
нафар ака-ука ва опа-сингиллар орасида кенжатой бўлиб ўсганман.
Болаларга муҳаббат ҳисси менга онамдан ўтган. Ҳар бир фарзанднинг
туғилишини у катта бир мўъжизадек қабул қиларди...»
Дарҳақиқат,
Анджелилнинг аввалги никоҳларидан яна уч нафар фарзанди ҳам йўқ эмас.