MaxMara тарихи. Тошкентда фирма дўкони очилмоқда
МахМаra компаниясига ўтган асрнинг 50-йилларида асос солинган. Етакчи
брендлар фақат оқсуяклар ва юлдузлар учун мода либосларини яратаётган
бир пайтда ушбу фирма асосчиси Акилле Марамотти барча тоифадаги
фуқаролар сотиб олиши мумкин бўлган оддий, лекин бежирим либосларни
ярата бошлайди. XIX асрнинг охирида Реджио Эмилия шаҳрида фирма
асосичиси Акилле Марамоттининг катта бувиси аёллар учун кийим тиккан.
Кейин унинг онаси профессионал бичиш-тикиш мактабини яратади. Акилле
эса оилавий анъанани давом эттиради.
Бренд асосчисининг ўзи ҳеч қачон кийим моделлари устида ишламаган ва
ишга доим иқтидорли модельерларни таклиф қилган. Вақт ўтиши билан бу
модалар уйининг анъанасига айланди. Мазкур савдо белгиси остида Карл
Лагерфельд, Анна-Мария Берета, Франко Мошино, Dolce & Gabbana, Гай
Паулин, Нарцисо Родригез ва Жан-Шарль де Кастельбажак каби машҳур
дизайнерлар ижод қилишган. Бироқ MaxMara брендига тўпламлар яратишда
иштирок этган дизайнерларнинг номлари жамоатчилик учун сир бўлиб келган
ва фақат вақт ўтиши билан ошкор этилган.
Компания очилган пайтларда Prêt-a-Porter йўналиши ривожлана бошлади. У
пайтда либосларнинг каттагина қисми буюртма асосида тикиларди ва шу
боис кийимларнинг оммавий тарзда ишлаб чиқарилиши ўша даврдаги кўплаб
тадбиркорлар учун ажойиб ривожланиш истиқболига айланди. Тезкор ишлаб
чиқариш, французча дизайн ва итальянча сифат туфайли MaxMara маҳсулоти
энг катта талабга эга брендлардан бирига айланди.
MaxMaraнинг фирма бутиклари сони бутун дунё бўйлаб 2000 дан ошади.
Машҳур бренд бизнинг пойтахтимизга ҳам етиб келди. Куз мавсуми бошида
Ҳамид Олимжон майдонидаги бизнес-мажмуанинг шарқий томонида MaxMara
фирма дўконининг тантанали равишда очилиши режалаштирилган. Тошкент
аёллари бу дамларни ҳаяжон билан кутмоқда.
|