30 август куни Тошкентдаги Туркия элчихонасида
"Туркия Қуролли кучлари” куни катта тантана билан нишонланди. Кечада бир
неча нуфузли меҳмонлар, элчилар, ОАВ ходимлари иштирок этди. Тадбирда
икки давлат мадҳиялари янграгач, меҳмонлар байрам билан мезбонларни
қутлашди. Бизда ҳам Ўзбекистондаги Туркиянинг фавқулодда ва мухтор
элчиси Меҳмет Сертач Сўнмезай билан суҳбатлашиш имкони туғилди. Элчи
жаноблари мамлаткатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларнинг тобора
ривожланиб бораётгани хусусида тўхталиб, маданий алоқалар ҳақида алоҳида
фикр ўртоқлашди. Иброҳим Тотлисас ташрифи, яқинда Тошкентда концерт
бериши кутилаётган "Анатолий олови” рақс-шоуси ва бошқалар хусусида фикр
алмашдик. Шу суҳбатдан бир икки саволлар билан танишинг.
-Жаноб Меҳмет Сўнмезай, Иброҳим Тотлисас санъатига
бўлган муносабатингиз билан қизиқяпмиз. Биздаги маълумотларга қараганда,
Туркияда уни у қадар хушламас эканлар...
-Бошқалар фикрини билмадим-у, шахсан мен
Тотлисаснинг қўшиқларининг мухлиси эмасман. Унинг куйлаш услуби менга
унчалик ёқмайди. Таркан, Мустафа Сандал ҳақида гап борганида, мендан
умуман бошқача фикр олган бўлар эдингиз. Уларнинг санъати санъат!
Қўшиқларини мириқиб тинглаш мумкин.
-Айни пайтда Истамбулда муваққат ижод қилаётган
машҳур санъаткор Юлдуз Усмоновани сиз ҳам танийсизми? Унинг қўшиқларини
тинглаганмисиз?
-Албатта, танийман. Юлдуз ўзига хос
ижодкор. Унинг турк тилидаги қўшиқларини тингладим. Шахсан мени
"шарки”ларининг ("шарки”-қўшиқ) мазмундорлиги билан мавҳ этди. Уни
юртингизда юрак-юракдан севишларини ҳам биламан.
Тадбирда иштирок этган яна бир таниқли шахс эса,
Усмоновага шундай таъриф беради: "Юлдуз - музёрар кема! У санъатда
янгиликлар оламига ёриб кириб бораверади. Қарабсизки, бошқалар учун ҳам
янгиликлар сари йўл очилади. Наздимда, Усмоновани қадрламоғимиз
керакми?!
Дарвоқе, хонанданинг янги альбоми бир-икки кунга
кечикди. Боиси, Юлдуз янги ўзбекча альбомининг номини янада таъсирлироқ
бўлиши учун ўзгартирди. Сизга аввалроқ хабар берганимиздек, энди альбом
номи "Севги бор! Ишон!” эмас, балки "Тилимдан эмас, дилимдан” бўлди!
Альбом қандай номланмасин, Юлдуздан ҳар галгидек, жуда мазмундор, ҳаётий
ва ҳаққоний қўшиқларни кутиб қоламиз!