Юлдуз
Усмонова учун Рамазон ойи ижодий меҳнат билан ўтяпти. Хонанда ҳар бир
кундан унумли фойдаланяпти. Энг эътиборлиси, шу қутлуғ кунлар ичида турк
ва ўзбек мусиқа бозори учун ажойиб мусиқий тўпламларни ҳозирлаяпти.
Улар "Қибла менинг қалбимдадир” ҳамда "Севги бор! Ишон!” деб номланади.
Янги альбомларнинг ҳар бирига ўнтадан янги қўшиқлар жамланган бўлиб,
муҳаббат, Ватан, ҳаётий ва диний мавзуларни қамраб олган. Ўзбек тилидаги
альбомни яқин икки кун ичида пойтахтимиз мусиқий дўконларидан
топишингиз мумкин. "Қибла менинг қалбимдадир” альбоми эса кўплаб турк
мусиқа ихлосмандларини ҳозирданоқ қизиқтириб қўйган. Мусиқий
телеканалларда бўлиб ўтаётган суҳбатлар чоғида примадонна янги
альбомдаги тароналарини жонли равишда куйлаб, томошабинларни лол
қолдиряпти. Умуман олганда, икки альбомни тинглаб кўргач, жўяли хулоса
чиқарамиз.
Дарвоқе, яна бир ажойиб янгилик. Яқин
йиллардан бошлаб АҚШда ўтказиб келинаётган "BIG APPLE Music Awards”
мусиқий тақдимотининг бу йилги кечасига Юлдуз Усмонова ҳам таклиф
этилган. 14 ноябрда Американинг нуфузли шаҳарларининг бирида ўтказилиши
режалаштирилган тақдимотда "Осиёнинг энг машҳур хонандаси” номинациясига
ўзбек примадоннасининг номзоди ҳам кўрсатилган. "Катта олма”нинг 2009
йилги тақдимотида Насиба Абдуллаева, Шабнам Сурайё ва яна бир қанча
юлдузлар иштирок этганди. Бу йилгиси ҳар йилгидан-да бошқача тусда ўтиши
тайин! Ахир, Юлдуз ушбу кечада тароватли ёғду сочишига умид бор. Ундан
ташқари, Анди, Иброҳим Тотлисас каби хориж юлдузлари ҳам сўнгги хитлари
билан меҳмонларни баҳраманд этади!