Шу кунларда пахта йиғим-терими мавсуми
ўзининг айни авж палласига кириб бормоқда, далаларда иш қизғин.
Пахтакорларга маданий хизмат кўрсатиш мақсадида "Ўзбекнаво” эстрада
бирлашмаси томонидан таниқли ва ёш эстрада хонандалари пахта далалари
бўйлаб сафарбар этиляпти. Бундай хайрли ишлар энди-энди катта қизиқиш
ила амалга ошириляпти. Ахир, меҳнатсевар инсонларга маданий ҳордиқ ҳам
улашиш керак-да!
Жумладан, "Akfa-Media” компанияси ушбу хайрли
тадбирни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. 2010 йил 23 сентябрь
куни Фарғона вилоятининг Данғара ва Учкўприк туманларида теримда
қатнашаётган пахтакорлар ва ҳашарчилар учун "Ниҳол” мукофоти совриндори
Зиёда Қобулова иштирокида учрашув концертлари ва ижодий мулоқотлар
уюштирилди. Тадбир пахтакорлар, пахта йиғим теримида жонбозлик
кўрсатаётган, сидқидилдан меҳнат қилаётганлар томонидан илиқ кутиб
олинди. Зиёда ўз таассуротлари ҳақида шундай дейди:
–
Санъатсевар инсонлар истиқомат қилувчи Фарғона вилоятига катта иштиёқ
билан келдим. Бу гал қандайдир гастрол концерти билан эмас, шу ердаги
меҳнатсеварлар қалбига кўтаринкилик, уларнинг қалбига шукуҳ бахш этгани
келдим! Улар билан бирга куйладик, бирга рақсга тушдик. Кексаларнинг,
ёши улуғ инсонларнинг дуосини олишга ҳам мушарраф бўлдим. Ахир, инсон
дуо билан кўкаради! Пахта йиғим теримида жонбозлик кўрсатиш мен учун ҳам
қарз, ҳам фарз. Ахир, эл фарофонлиги пахтакорларимиз хирмонининг
баракаси билан эмасми?!
Эл орасида "Пахта терсанг, тоза тер,
чаноғида қолмасин” дея бежизга айтишмайди. "Оқ олтин”ни ўз вақтида
йиғиштириб олиш, хирмон режасини тўла-тўкис бажаришда халқ манфааатлари
ётади. Шундай экан, бундай залворли ишда жонбозлик кўрсатишда ҳар
биримиз сидқидилдан ўз ҳиссамизни қўшмоқлигимиз энг асосий
бурчларимиздан биридир. Санъаткорлар эса барча пахтакорлар қалбига
кўтаринкилик улашиши, меҳнат кўламига куй-қўшиқлари ила мадад бўлиши
уларнинг олий вазифаларидан бири десак, муболаға бўлмас. Зиёда каби юрт
эртасини ўйлаган санъаткорлар сафи кенгайиши тарафдоримиз.