Айни пайтда "TVM” канали орқали
намойиш этилаётган "Айрис” сериали томошабинларда катта қизиқиш
уйғотгани рост. Дарҳақиқат, ушбу экшн-драмани биз ҳам синчковлик билан
барча қисмларни томоша қилиб бўлгач, шунчаки кореялик ижодкорлар
фаолиятига яна бир карра тан бердик. Сабаби, ўткир сюжетли воқеалар,
актёрларнинг профессионал ижроси, мантиқий ўйлашга мажбур этадиган
ҳодисалар кўзингизни зангори экранга қадаб қўяди. Қуйида эса сизларга
ушбу сериал ҳақида батафсил маълумот беришга ҳаракат қилдик.
"Айрис” сериали намойишидан олдинроқ омманинг диққат марказида бўлди. Сабаби, сериалда корейс сериал оламининг топ-юлдузлари
Ли Бён Хон, Ким Тхэ Хи, Ким Со Ён, Ким Сын У кабилар жамланганди. Бу
сериал корейс кинематографиясида илк бора оламшумул блокбастер сифатида
суратга олиниб, Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари, уларнинг фаолияти, дўстлиги, муҳаббати ҳамда сотқинлиги ҳақида ҳикоя қилинади.
20
қисмдан иборат сериал воқеалари Японияда бошланиб, Венгрияда давом
этиб, сўнгра Шанхай ва Сеулда кечади. Сеулдаги суратга олиш ишлари
шаҳарнинг энг машҳур обидалари Кванхвамун майдони ҳамда «Ноыль» паркида
бўлиб ўтди.
P/S.:
Сериал давомида «Айрис» ибораси шу қадар кўп такрорланадики,
хоҳлайсизми ё йўқ ёд бўлиб кетади. Яна қизиғи, Шимолий ва Жанубий Корея
бирлашишига нималар тўсқинлик қилиши, бу борада қандай сиёсий макр ва
ўйинлар мавжудлиги яққол кўрсатиб берилган. "Айрис” ташкилотининг ҳам
бош мақсади айнан шу эди! Бу йўлда ҳақиқатни излаб, ҳалақит бериб қўйган
шахс борки, у йўқотилишга маҳкум! Сериал сизни ҳангу манг қилиб қўяди.
Дарвоқе, сериал ниҳояси қандай тугаши кўпчиликка жуда қизиқ. Ваъдага
мувофиқ, бу сирни ошкор этамиз. Бош қаҳрамон Ким Хён Чжун энди бахтли
онларга етдим деганида...Севгилиси Чхве Сын Хи эса ҳеч нарсадан хабари
йўқ. Уни соҳил бўйида ширин табассум ва хаёллар оғушида кутиб турарди. У
энди ҳеч қачон, ҳеч қачон қайтмаслигини билганидами?!